Қозоғистон суди Россиянинг «Газпром» устидан Украина фойдасига қарор чиқарди

Бугун 08:002 дақиқа

Остана суди Украинанинг «Нафтогаз» компанияси даъвосини қаноатлантириб, Россиянинг «Газпром» концернидан Қозоғистон ҳудудида мажбурий маблағ ундириш ҳақида қарор чиқарди.

Қозоғистон суди Россиянинг «Газпром» устидан Украина фойдасига қарор чиқарди

Қозоғистон суди Украинанинг «Нафтогаз» компаниясига шартнома мажбуриятларини бузгани учун Россиянинг «Газпром» концернидан 1,4 миллиард доллар (1,2 миллиард евродан ортиқ) миқдоридаги маблағни ундиришга рухсат берди. Бу ҳақда 21 май куни Украина миллий акциядорлик компанияси сайтида маълум қилинди.

Останадаги суд «Нафтогаз» гуруҳининг даъвосини қаноатлантириб, Қозоғистон ҳудудида маблағларни мажбурий тарзда ундиришни бошлашга қарор қилган. Украина компанияси бошқаруви раиси Сергей Корецкийнинг сўзларига кўра, мазкур қарор алоҳида бир давлатда «Газпром»га нисбатан хорижий суд томонидан чиқарилган биринчи оммавий қарор бўлиб, у бошқа юрисдикцияларда ҳам арбитраж қарорини ижро этиш жараёнининг амалий натижаси ҳисобланади.

Низонинг келиб чиқиши ва шартнома шартлари

Икки компания ўртасидаги низо «Газпром»нинг 2019 йилда тузилган ва 2025 йил 1 январгача амал қилган Украина орқали газ транзити шартномаси бўйича мажбуриятларини бузиши ортидан келиб чиққан. Киев томонининг тушунтиришича, 2022 йил май ойида Россия кучларининг ҳаракатлари туфайли газ транзитини ташкил этиш имконсиз бўлиб қолган бўлса-да, «Нафтогаз» «Суджа» кириш пункти орқали хизмат кўрсатишда давом этган, бироқ «Газпром» транзит ҳақини тўлиқ тўлашдан бош тортган.

Швейцария арбитражи ва халқаро кампания

Шундан сўнг Украина компанияси Швейцарияда Халқаро савдо палатаси регламентига мувофиқ арбитраж жараёнини бошлаган. 2025 йил июн ойида Швейцариядаги арбитраж трибунали «Газпром»ни тўловдан бош тортишга асослар йўқлиги сабабли жавобгар деб топган ва қарздорлик, фоизлар ҳамда арбитраж харажатларини тўлашга мажбур қилган.

«Газпром»нинг апелляция шикоятидан кейин Швейцария Федерал суди 1,4 миллиард доллардан ортиқ маблағни ундириш ҳақидаги қарорни узил-кесил тасдиқлаган. «Газпром» мажбуриятларини ихтиёрий бажармагани сабабли, «Нафтогаз» қарздорнинг активларини турли мамлакатларда ундириш бўйича халқаро кампания олиб бормоқда.

Бошқа давлатлардаги суд жараёнлари
Украина Президенти Воладимир Зеленский «Нафтогаз» раҳбари Сергей Корецкий билан учрашувдан сўнг ўз Telegram-каналида худди шундай суд жараёнлари бошқа давлатларда ҳам давом этаётганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Киев Қримда Россия томонидан ўғирланган ёки йўқ қилинган украин активлари учун адолатли товон пули ундиришга ҳаракат қилмоқда ва ҳозирда ўнта юрисдикцияда Россия активларини музлатиш ҳамда ундириш бўйича аниқ натижалар мавжуд.

Теглар

Мавзуга оид