add

Қозоғистон тухум импортига чеклов жорий этди

Чеклов маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий қилиниб, бир ой амал қилади.

Қозоғистон тухум импортига чеклов жорий этди

Қозоғистон ҳукумати мамлакат ҳудудига тошиладиган тўлиқ тухум импортини вақтинча тўхтатди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан қабул қилинган қарорга кўра, чеклов 11 декабрдан бошлаб бир ой муддатга амал қилади ва барча турдаги транспорт орқали олиб кириладиган тўвуқ тухумларига тааллуқли.

Вазирлик маълумотларига кўра, ушбу тақиқ учинчи мамлакатлардан, шунингдек, Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлардан импорт қилинадиган тухумларга ҳам қўлланади. Қарор ички бозорда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар улушини сақлаб қолиш ҳамда нарх барқарорлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Шу билан бирга, жорий этилган чеклов айрим йўналишларга татбиқ этилмайди. Хусусан, янги товуқ тухумларини Қозоғистон ҳудуди орқали транзит тарзида олиб ўтиш, шунингдек, Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бир давлат ҳудудидан бошқасига етказиб бериш тақиқ доирасига кирмайди.

Расмий статистикага кўра, 2024 йил давомида Қозоғистон 87,4 миллион дона тухум импорт қилган. Шу билан бирга, мамлакат 43,2 миллион дона тухумни экспортга чиқарган. Ички бозор эҳтиёжининг 99 фоизи маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобидан қондирилган бўлиб, импорт асосан Евросиё иқтисодий иттифоқи давлатларига тўғри келган.

Қўшни республикада тухум импортига чеклов биринчи марта жорий этилаётгани йўқ. Жорий йил апрель ойида ҳам Қишлоқ хўжалиги вазирлиги товуқ тухумини олиб киришни олти ойга тақиқлашни назарда тутувчи буйруқ лойиҳасини ишлаб чиққан эди. Ушбу амалиёт Қозоғистонда агросаноат соҳасини қўллаб-қувватлаш сиёсати доирасида давом этмоқда.

Теглар

Мавзуга оид