Қозоғистонда энди жинсий зўравонлик ишларини аёл терговчилар олиб боради
Ушбу қарор жабрланувчиларнинг қўшимча руҳий травма олишларини камайтириш ва тергов органларига бўлган ишончни оширишга қаратилган.

Қозоғистонда жинсий зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишларни тергов қилиш аёл терговчиларга топширилади. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазири ўринбосари Санжар Адилов Парламент Мажлисидаги «давра суҳбати» чоғида маълум қилди.
Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, ушбу янгилик жабрланувчиларга қўшимча руҳий шикаст етказишнинг олдини олиш ва тергов органларига бўлган ишончни оширишга қаратилган.
Никоҳга мажбурлаш учун жавобгарлик кучайтирилмоқда
Шунингдек, Ички ишлар вазири ўринбосари ИИВ сталкинг (таъқиб қилиш) учун жавобгарликни кучайтиришни, унга «такрорийлик» белгисини қўшишни таклиф қилганини билдирди. Санжар Адиловнинг тушунтиришича, айрим маҳкумлар жазо муддатини ўтаб бўлганидан кейин ҳам ўз қурбонларини таъқиб қилишда давом этмоқда.
Сталкинг моддаси Жиноят кодексига 2025 йилнинг июл ойида киритилган бўлиб, тўлиқ бўлмаган бир йил давомида ушбу модда бўйича 83 та жиноят иши судга юборилган.
Бундан ташқари, вазирлик расмийси 2025 йил сентябрдан кучга кирган никоҳга мажбурлаш моддаси қўлланилиши механизмига тўхталди. Маълум қилинишича, бундай ишларда ҳам аёл, ҳам эркак жабрланувчи бўлиши мумкин. Шунчаки никоҳга киришни талаб қилиш (ҳатто ҳомиладорлик ҳолатида ҳам) жиноят таркибини белгиламайди. Бунинг учун, албатта, таҳдид ёки зўравонлик ишлатилиши шарт, акс ҳолда бу фуқаролик муносабатлари ҳисобланади. Бугунги кунда Қозоғистонда ушбу модда бўйича аёл киши гумонланувчи сифатида рўйхатга олинган жиноят иши мавжуд эмас.
Маълумот учун, Қозоғистонда маиший зўравонликка қарши чоралар собиқ иқтисодиёт вазири Қуандиқ Бишимбаев томонидан хотини Салтанат Нукенованинг ўлдирилиши ортидан кучайтирилган эди.
Жабрланувчи 2023 йил ноябрда калтакланиши оқибатида вафот этган. Ушбу воқеадан сўнг, 2024 йил апрелида Президент Қосим-Жомарт Тўқаев маиший зўравонликни криминаллаштирувчи қонунни имзолаган, Бишимбаев эса 24 йилга озодликдан маҳрум этилган.





