
Қозоғистонда ЛГБТ тарғиботини тақиқлаш тўғрисидаги қонун қабул қилинди
Қозоғистон парламенти ЛГБТ ҳақидаги маълумотларни филмлар, реклама ва ижтимоий тармоқларда тарқатишни тақиқловчи қонунни маъқуллади.

Қозоғистон Мажлиси иккинчи ўқишда ЛГБТ тарғиботини тақиқлашга оид қонун лойиҳасини қабул қилди. Бу ҳақда маҳаллий Tengrinews нашри хабар берди.
Янги қонун «ноанъанавий йўналишни тарғиб қилиш» тушунчасини расман киритиб, уни оммавий ахборот воситалари, реклама, кино, таълим тизими ҳамда онлайн платформаларда тарқатишни тақиқлайди.
Қонун лойиҳаси бир вақтнинг ўзида бола ҳуқуқлари, реклама, алоқа, маданият, таълим, кино, оммавий ахборот воситалари ва онлайн платформаларга оид тўққизта қонунга ўзгартиш киритишни назарда тутади. Бу ўзгаришларга кўра, эндиликда мамлакат ҳудудида ЛГБТ мавзусидаги филмлар, реклама маҳсулотлари ва ижтимоий тармоқлардаги ҳар қандай эслатмалар қонундан ташқари фаолият ҳисобланиши мумкин.
Ҳозирча чекловларни бузганларга нисбатан қандай жазо чоралари қўлланилиши ҳақида маълумот берилмади. Қонун кучга кириши учун уни Сенат маъқуллаб, президент Қосим-Жомарт Тўқаев имзолаши лозим.
Мажлис депутати Елнур Бейсенбаев йиғилишда қонун ЛГБТ ҳамжамиятининг ўзини эмас, балки бу мавзудаги маълумотларни жамоатчиликка тарқатишни чеклашга қаратилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу ташаббус ёшларнинг маънавий ривожига ва оилавий қадриятларни муҳофаза қилишга хизмат қилади.





