Қозоғистонда учар таксидаги парвоз нархи қанча туриши айтилди

Бугун 17:353 дақиқа

Қозоғистонда аэротакси орқали парвоз қилиш бир километр учун тахминан бир долларга тушиши мумкин. Бироқ йўловчилар иштирокидаги парвозлар ҳозирча бошланмайди.

Қозоғистонда учар таксидаги парвоз нархи қанча туриши айтилди © Foto: Tengrinews.kz / Болат Айтмолда

Қозоғистонликлар ҳозирча аэротаксида уча олмайди – бутун 2026-йил синов парвозларига бағишланади. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Қанат Бозумбаев маълум қилди, деб хабар бермоқда «Orda.kz».

Унинг сўзларига кўра, 2026-йил давомида аэротакси йўловчисиз парвоз қилади.

«Транспорт вазирлигида биз аэротаксининг тест парвозлари учун вақтинчалик қоидаларни жорий қилдик. Бутун йил давомида аппаратлар йўловчиларсиз учади, чунки биз маршрутларни тўлиқ текширишимиз керак. Аэротаксини Олмаота аэропорти, вокзаллар, Қонаев шаҳри, Қапчағай сувомбори ва тоғ кластери билан боғлашни режалаштиряпмиз. Энди аппаратлар турли баландликларда, турли иқлим шароитларида ва йилнинг тўрт фаслида қандай ишлашини тушуниш керак. Биз учун ҳозир асосий масала – хавфсизлик. Шунинг учун бу йил йўловчилар аниқ учмайди», – деди Бозумбаев.

Парвоз нархи қанча бўлади?

Қозоғистон бош вазири ўринбосари Қанат Бозумбаев ҳукуматдаги брифингда аэротаксида парвознинг тахминий нархи ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, аэротаксида парвоз қилишнинг тахминий қиймати ҳар километр учун бир доллар атрофида бўлади.

«Масалан, йўловчи Олмаота аэропортига келди. Ҳозир тирбандликлар сабаб йўл бир ярим-икки соат вақт олади. Яқин атрофда дронлар жойлаштирилади: одам олдиндан парвозни брон қилади. Ҳозир ҳисоб-китобларга кўра, бир километр тахминан бир доллар туради. Қўпол айтганда, 15 километр учун одам 15 доллар тўлаб учиб кетади», – деди Бозумбаев.

Шу тариқа, режага кўра, аэропортдан Олмаота марказигача парвоз нархи 7–8 минг тенге (15-17 доллар) атрофида бўлиши мумкин. Ҳукуматда кейинчалик рақобат сабаб парвозлар арзонлашишига умид қилинмоқда.

«Бизнес учун бу рақобат бўлади, вақт ўтиши билан янада арзонлашади. Шунингдек, етказиб бериш хизмати ҳам ривожланади. Биз умуман Алатаудаги биноларнинг барча лойиҳа ечимлари ҳам йўловчи, ҳам юк дронларига мослаштирилишини режалаштиряпмиз, шунда етказиб бериш тизимини йўлга қўйиш мумкин бўлади», – деди Бозумбаев.

Биринчи синовлар

Давлатнинг «Alatau City Authority» бош ижрочи директори Алишер Абдиқодировнинг айтишича, дастлабки синовлар муваффақиятли ўтган.

«Тест парвози вақтида биз нафақат аэротаксини, балки озиқ-овқат ва юк етказиб бериш тизимини ҳам синовдан ўтказдик. Ҳозирги асосий вазифамиз – техник синовларни якунлаш ва норматив базани тайёрлаш: эксплуатация қоидалари, қўниш майдонларига талаблар, хавфсизлик стандартлари ва сертификатлаш тизимини ишлаб чиқиш», – деди Абдиқодиров.

Бироқ у «eVTOL» технологиялари ҳозирча дунёда эндигина ривожланаётганини таъкидлаб, Қозоғистон АҚШ, Хитой, Яқин Шарқ ва Жануби-Шарқий Осиё тажрибасини ўрганаётганини айтди.

Шунга қарамай, Бозумбаевнинг маълум қилишича, одамлар иштирокидаги илк тест парвозлари келаси йилнинг ўзидаёқ Қонаевда бошланиши мумкин.
 
Эслатиб ўтамиз, учаётган такси ва квадропортлар Қозоғистонда Алатау шаҳри қурилиши доирасида пайдо бўлади. Аэротаксини Алатау, Олмаота ва туристик ҳудудлар ўртасида ишга тушириш режалаштирилган. Лойиҳани яқин 2–3 йил ичида синовдан ўтказиш кўзда тутилган. 

Аввалроқ учувчисиз аэротаксилар йўловчиларни Медеодан Алмати аэропортига 10 дақиқада, соатига 300 километрдан юқори тезликда етказиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Алатауда аэротакси аллақачон илк бор синовдан ўтказилган.

Теглар

Мавзуга оид

Қозоғистонда учар таксидаги парвоз нархи қанча туриши айтилди | Vaqt.uz