
Қурилиш компаниялари истеъмолчиларга 6,7 млрд сўм қайтаради
Рақобат қўмитаси аралашуви билан уй-жойни ўз вақтида ололмаган фуқаролар фойдасига миллиардлаб сўм ундирилди.

Тошкент вилоятида қурилиш компаниялари томонидан шартнома мажбуриятлари бажарилмагани юзасидан истеъмолчилар фойдасига катта миқдорда маблағ ундирилди. Рақобат қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида 5 та қурилиш компаниясига нисбатан тегишли таъсир чоралари қўлланилди.
Фуқаролардан келиб тушган мурожаатларда хонадон харид қилиш бўйича тузилган шартномаларга мувофиқ тўловлар ўз вақтида амалга оширилганига қарамасдан, айрим қурувчи ташкилотлар белгиланган муддатларда уй-жойларни топширмагани қайд этилган. Бу ҳолатлар истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқлари бузилишига олиб келган.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 19-моддасига мувофиқ, ижрочи шартномада кўрсатилган муддат, ҳажм ва сифат талабларига қатъий риоя этган ҳолда ишларни бажариши шарт. Ушбу талабларга амал қилинмаслиги қонунбузарлик ҳисобланади.
Шу муносабат билан ҳудудий бошқарма томонидан истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида суд органларига даъво аризалари киритилди. Жами 32 нафар истеъмолчи манфаатида 11 млрд сўмдан ортиқ маблағни ундириш тўғрисида талаб қўйилган.
Олиб борилган суд ишлари натижасида «GLAMUR GOLD», «TRANSPORT FREE GROUP», «LUCKY TECHNICAL», «BROCCOLI PLUS» ва «NUR» масъулияти чекланган жамиятларига нисбатан 16 нафар истеъмолчи фойдасига жами 6,7 млрд сўм миқдорида маблағни қайтариш ҳақида ҳал қилув қарорлари қабул қилинди. Мазкур маблағлар қурилиш компаниялари томонидан истеъмолчиларга қайтарилиши белгиланди.
Айни вақтда қолган истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича суд жараёнлари қонунчиликда белгиланган тартибда давом эттирилмоқда.





