
Қурилиш ойналари учун утилизация йиғими жорий қилинади
«Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Олий Мажлис Сенатининг Ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу қонунга мувофиқ, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ва «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунларга қурилиш ойнасидан фойдаланиш натижасида юзага келадиган чиқиндиларни қайта ишлаш харажатларини қоплаш учун утилизация йиғимини жорий этишни белгиловчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.
Унга кўра, қурилиш ойналари учун утилизация йиғими жорий қилинади. Ушбу тартиб шиша ва шиша буюмларга утилизация йиғимини ҳисоблаш, тўлаш, ундириш, ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган суммаларини қайтариш, шунингдек, шиша ва шиша буюмларнинг ўз истеъмол хусусиятларини йўқотганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндиларни йиғиш, ташиш ва утилизация қилиш билан боғлиқ инфратузилмани ташкил этиш тартибини белгилайди.
Таъкидланишича, қонуннинг қабул қилиниши қурилиш ойнаси саноатини ривожлантиришга, экологик хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар соғлиғини ва атроф-муҳитни ўз истеъмол хусусиятларини йўқотган қурилиш ойнасидан ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш ҳамда қайта ишлаш билан боғлиқ фаолиятни ривожлантиришга хизмат қилади.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун лойиҳаси 23 сентябр куни Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинган.





