
Қурилиш вазирлиги биноси 182,5 млрд сўмга сотилди
Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган вазирлик биноси аукционда бошланғич нархидан қарийб 40 фоиз қимматга сотилди.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган маъмурий биноси очиқ аукцион орқали 182,5 миллиард сўмга сотилди. Савдоларда энг юқори таклифни «O‘zshahar qurilish invest» МЧЖ берди.
16 декабр куни бўлиб ўтган ушбу аукцион 130,3 миллиард сўмлик бошланғич нарх билан старт олди. Савдо жараёни 8 та қадамдан иборат бўлиб, 1 соат 7 дақиқа давом этди. Якунда «O‘zshahar qurilish invest» МЧЖ томонидан тақдим этилган 182,2 миллиард сўмлик таклиф ғолиб деб топилди.
Маълумотларга кўра, сотилган объект Тошкент шаҳри Абай кўчаси 6-уй манзилида жойлашган. Бино 0,5 гектар ер майдонини эгаллаган бўлиб, умумий фойдали майдони 11 725 квадрат метрни ташкил қилади. Лот шартларига мувофиқ, харидор ушбу бинода офис ва хизмат кўрсатиш фаолиятини ташкил этиши шарт.
Vaqt.uzънинг аукцион жараёнларидан бевосита хабардор манбасига кўра, “Ўзшаҳар қурилиш инвест” МЧЖ бинони 3 йил (36 ой) давомида бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олган.
Аввалроқ Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Янги Тошкент шаҳрига кўчирилиб, у ерда Транспорт вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги билан битта бинода жойлашган эди.
Маълумот учун, «O‘zshahar qurilish invest» МЧЖ 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, асосий фаолияти турар жой биноларини қуриш ҳисобланади. Корхонанинг устав фонди 1 миллиард сўмни ташкил этади. 2024 йил ноябр ойи охиригача компания давлат улушига эга бўлган. Жумладан, акцияларнинг 90 фоизи Давлат активларини бошқариш агентлигига, 10 фоизи эса «Qurilish Invest Development» МЧЖга тегишли бўлган. Кейинчалик корхона тўлиқ хусусийлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг биноси аукционга қўйилгани ҳақида хабар бергандик.





