
Рақобат қўмитаси биноси аукционга қўйилди
1956 йилда қурилган қўмита биноси 58,61 млрд сўм бошланғич баҳо билан кимошди савдосига чиқарилди.

Тошкент шаҳрида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси жойлашган бино электрон аукционга қўйилди. E-auksion платформасидаги маълумотларга кўра, 1956 йилда қурилган тўрт қаватли бинонинг бошланғич баҳоси 58,61 миллиард сўм бўлиб, савдо 18 декабр куни старт нархини ошириш тартибида ўтказилади.
Бино Шайхонтоҳур туманидаги Лабзак кўчасида жойлашган бўлиб, умумий майдони 4075 метр квадратни, эгаллаган ер майдони эса 1050 метр квадратни ташкил этади. Аукцион шартларига кўра, харидор шаҳарсозлик ҳужжатларига мувофиқ ҳудудда офис ёки хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиши керак бўлади.
Қўмитага олди-сотди шартномаси имзоланган санадан бошлаб, давлат органига объектни уч йил ичида бўшатиш мажбурияти юкланади. Агар қўмитанинг Янги Тошкентда қурилаётган янги офис биноси режадан аввал битказилса, кўчиш муддати ҳам шунга мос равишда олдинга сурилиши мумкин.
Маълумот учун, аукцион савдо Вазирлар Маҳкамасининг 7 мартдаги қарори асосида амалга оширилаётган давлат мулкини сотиш дастурининг бир қисми ҳисобланади. Унга мувофиқ, қатор вазирлик ва идораларнинг бино-иншоотлари ҳам хусусий секторга таклиф этилмоқда. Улар орасида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Автомобил йўллари қўмитасига қарашли объектлар ҳам мавжуд.
Давлат ижроия органларини Янги Тошкент шаҳрига кўчириш ташаббуси аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилганди. Унга кўра, ҳозирдаги марказий идора бинолари ўрнида меҳмонхоналар, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари барпо этилиши режалаштирилган.





