
Рамзан Қодировнинг ўғли бош вазир ўринбосари бўлди
Чеченистон раҳбари тўнғич ўғли Ахмат Қодировни республика бош вазири ўринбосари лавозимига тайинлади.

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 2026 йилнинг илк кунларида республика ижро ҳокимиятида кадрлар алмашинуви амалга оширилганини маълум қилди. Унинг айтишича, тўнғич ўғли Ахмат Қодиров Чеченистон Республикаси бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. Бу ҳақда The Insider нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, мазкур қарор Чеченистон бош вазири Магомед Даудов тавсияси асосида қабул қилинган. Қодировнинг таъкидлашича, тайинлов ижро ҳокимияти самарадорлигини ошириш ва бошқарувда янги ёндашувларни жорий этишга қаратилган.
Шунингдек, Ахмед Дудаев ҳам Чеченистон Республикаси бош вазири ўринбосари этиб тасдиқланган. У бир вақтнинг ўзида Миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва ахборот вазири лавозимини ҳам бажаради. Бу ўзгаришлар давлат сиёсати ва ахборот соҳасида бошқарувни кучайтириш мақсадида амалга оширилгани қайд этилмоқда.
2005 йилда туғилган Ахмат Қодиров сўнгги йилларда тезкор сиёсий карера қилган амалдор сифатида танилган:
2022 йилда Чеченистон раҳбарининг маслаҳатчиси ҳамда «Биринчилар ҳаракати» минтақавий бўлими раиси;
2023 йил ноябр ойида эса жисмоний тарбия, спорт ва ёшлар сиёсати вазирининг биринчи ўринбосари;
2024 йилда ёшлар ишлари бўйича вазир, кейин эса жисмоний тарбия ва спорт вазири;
2024 йилнинг май ойида у «Ахмат» футбол клуби президенти этиб белгиланган.
Шунингдек, у «Чеченистон Республикаси ёшлар сиёсати соҳасида хизмат кўрсатган ходим» унвони соҳиби ҳисобланади.
Рамзан Қодировнинг бошқа фарзандлари ва яқин қариндошлари ҳам республикадаги турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб келмоқда.





