Рақобат қўмитаси фуқароларни огоҳлантирди
Рақобат қўмитаси аҳолини «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида овоз учун пул ваъда қилаётган норасмий ботлар ва рекламаларга ишонмасликка чақирди.
© Ijtimoiy tarmoqlarРақобат қўмитаси фуқароларни «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида овоз бериш эвазига пул таклиф қилаётган норасмий Телеграм-ботлар ва рекламаларга ишонмасликка чақирди.
Қўмита маълум қилишича, «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси фуқароларнинг бюджет жараёнларида иштирокини таъминлашга қаратилган бўлиб, унда овоз бериш мутлақо ихтиёрий ҳисобланади. Амалдаги тартибга мувофиқ, овоз бериш учун ҳеч қандай тўлов ундирилмайди ва иштирокчиларга моддий рағбатлантириш берилмайди.
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда норасмий Телеграм-ботлар орқали овоз бериш эвазига пул мукофоти ваъда қилинаётгани қайд этилди. Қўмита бундай ҳолатлар фуқароларни чалғитиши ва жараён шаффофлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидлади.
Норасмий ботлар аниқланган
Рақобат қўмитаси ўрганишларида айрим блогерлар учинчи шахслар манфаати йўлида норасмий ботлар орқали ҳақ эвазига овоз бериш мумкинлиги ҳақида реклама тарқатгани аниқланган.
Шунингдек, мазкур рекламаларда «расмий» деган ифодалар ҳамда «Очиқ бюджет» портали логотипига ўхшаш белгилардан фойдаланилгани фуқароларни адаштириш хавфини ошириши қайд этилди.
Қўмита маълумотига кўра, Ўткир Шодмонов, Абдурасул Иброхимов, Асилбек Амиров ва Жасур Шодиев каби блогерларга огоҳлантириш ва тушунтиришлар берилган, қонунчилик талабларига зид рекламалар эса олиб ташланган.
Фақат расмий платформалар орқали
Қўмитага кўра, «Ташаббусли бюджет» лойиҳасида овоз бериш фақат «Очиқ бюджет» ахборот портали, унинг Android ва iOS мобил иловалари ҳамда Тelegram'даги расмий бот орқали амалга оширилади.
«Фуқаролардан ушбу жараёнда фақат расмий манбаларга ишониш, ҳар қандай норасмий таклифларга алданмаслик ва бу каби ҳолатларга дуч келганда тегишли идораларга хабар беришларини сўраймиз», — дейилади қўмита хабарида.
Шунингдек, Рақобат қўмитаси «Ташаббусли бюджет» жараёнларида қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан мониторинглар давом этаётганини ва норасмий ботлар ҳамда чалғитувчи рекламалар аниқланган тақдирда қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилишини маълум қилди.





