Расман: «Volkswagen» энди Ўзбекистонда ишлаб чиқарилади
Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги музокаралар якунида йирик инвестиция лойиҳаларига старт берилди. Улар саноат ва таълим соҳаларини қамраб олади.

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Германия Федерал Президенти Франк-Валтер Штайнмайер ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий алоқалар ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.
Томонлар музокаралар якунида Қўшма баёнот қабул қилиб, кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлашга интилишларини тасдиқлаган.
Президент Шавкат Мирзиёев Германия раҳбарининг Ўзбекистон, Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этган.
Йирик лойиҳаларга старт берилди
Музокаралар доирасида икки томонлама ҳужжатлар алмашилган ва молиявий ҳамкорлик соҳасида келишувлар имзоланган. Улар Ўзбекистон шаҳарларини барқарор ривожлантириш лойиҳалари учун грант маблағлари ва имтиёзли молиялаштиришни назарда тутади.
Шунингдек, давлат раҳбарлари иштирокида қатор қўшма инвестиция ва таълим лойиҳаларига расман старт берилган.
Жумладан, Тошкент шаҳрида «Volkswagen» автомобилларини йирик узелли йиғишни ташкил этиш, Андижон вилоятида логистика марказини барпо этиш, суюқ маиший ювиш воситалари ишлаб чиқариш ҳамда темир йўл соҳаси учун мутахассислар тайёрлаш лойиҳалари ишга туширилган.





