“Real Sanjik” иши: Дубайдан тобут таҳдиди, 700 минг долларлик зарар ва ОАВга чеклов
Жабрланувчи биринчи суд мажлисидаги кўрсатувида Санжар Каримов ва танишлари босими остида иккита уйи ва ўғлининг 7 та машинаси сотишга мажбур бўлганини айтди. Далилларда судланувчи томонидан жабрланувчига ўғлини тобутда кўриши билан таҳдид қилингани маълум қилинди. Шунингдек, суд давлат айбловчисининг ОАВ фаолиятини чеклаш тўғрисида илтимоснома қисман қаноатлантириб, жонли эфир ва видеотасвирга олишни тақиқлади.
Санжар Каримов Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисми (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш), 168-модда 4-қисми а-банди (Фирибгарлик), 273-модда 2-қисмида (Гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш)назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Мазкур жиноят иши судя Баҳром Бердиев раислигида кўриб чиқиляпти. Икки нафар жабрланувчи бор.
Биринчи суд мажлисида давлат айбловчиси Қосимов судга ОАВ фаолиятини чеклаш тўғрисида илтимоснома киритди. Судя Баҳром Бердиев прокурорнинг илтомосномасини қисман қаноатлантириб, ОАВ вакилларига тўғридан-тўғри эфир ҳамда видеотасвирга олишни чеклаш ҳақида ажрим чиқарди. Лекин аудио ҳамда фотоматериаллар олишига рухсат берилди.
Суд мажлисида раислик этувчи томонидан эълон қилинган айбловларга иқрор ёки иқрор эмаслиги ҳақида судланувчи Санжар Каримовга савол берилди. У қўйилган айбловларнинг бирортасига иқрор эмаслигини билдирди.
Суд терговида дастлаб жабрланувчи Шаҳзод Рисматовнинг онаси Феруза Раҳматуллаевага сўз берилди.
Жабрланувчи ўз кўрсатувида Санжар Каримов билан боғлиқ воқеалар ҳақида гапириб, у ва танишлари босим ўтказганини, шу сабаб иккита “дом”и ва ўғлининг 7 та машинаси сотилиб кетганини айтди.
Жабрланувчига кўра, барчаси август ойида Каримов томонидан қўйилган ултиматумдан бошланган. Ўшанда Каримов жабрланувчи Раҳматуллаевага ўғли ундан пул олиб, уйни гаровга қўйгани, шу сабаб ўз ерини сотиб, қарзни қайтаришини айтиб бир ҳафта вақт берган.
Жабрланувчи Раҳматуллаеванинг ўғли ўша пайтда Дубайда блогерга боғлиқ шахслар назорати остида бўлган. Ўғлининг ҳаётидан хавотирланган она мажбур бўлиб, икки хонадонни Каримовга тегишли тузилмалар номига расмийлаштириб, ҳеч қандай ҳақ олмаган. Қўшимча қилишича, ўғли бу пулларни амалда кўрмаган — маблағлар Каримов ва унинг шериклари ўртасида тақсимланган.
Яна сотилган 7та машина қўшилиб, умумий зарар тахминан 700 минг долларни ташкил этганини маълум қилинди. Қолаверса, Каримов жабрланувчининг ўғли Рисматовнинг паспортини олиб қўйиб ва амалда уни хорижда гаров ҳолатига тушириб қўйгани айтилди.
Раҳматуллаеванинг сўзларига кўра, молиявий можаро тез орада очиқ психологик босимга айланган. Раҳматуллаева судда Каримов ўғлининг Дубайда эканлигидан босим воситаси сифатида фойдаланганини айтди. Асосий далиллардан бири сифатида аудиоёзувлар келтирилган, унда айбланувчи "ўғлингизнинг тобутини Дубайдан олиб келаман" деб таҳдид қилгани ва ҳатто уйини ёқиб юборишини айтгани қайд этилган.
Она буни реал зўравонлик таҳдид деб ўзига қабул қилган. Шунингдек, Каримов унинг оиласини шарманда қилиш билан ҳам таҳдид қилгани билдирилди.
Каримовнинг адвокати эса "тобут" ҳақидаги гаплар ҳис-туйғу таъсирида айтилган бўлиши мумкинлигини айтди. Адвокат шунинингдек, айбланувчи жабрланувчига яқин жойда алоқа бўлмаган ҳолда унинг ҳаётига қандай қилиб реал хавф туғдириши мумкинлигини сўради.
"Агар мен яшириниб, қочиб юрган бўлсам, у мени қаердан топиб ўлдиради? Агар мен унга қарши ариза ёзмаганимда ва ёзувларни тақдим этмаганимда, нималар бўлишини қаердан билар эдингиз? Балки мен аллақачон тирик бўлмасдим", - деди.
Жабрланувчи яқин масофада алоқанинг бўлмаганини у ўз уйидан қочиб, Қибрайда яшириниб юришга мажбур бўлгани билан изоҳлади. Шунингдек, у тергов ишга фақат материалларнинг бир қисмини қўшганини, ўзи эса янада аниқ таҳдидлар акс этган қўшимча ёзувларни судга тақдим этишга тайёрлигини билдирди.
Кейинги суд мажлиси 13 апрел куни бўлиб ўтади.
Бахтиёр Тўхтаев, журналист
Оператор ва монтажчи: Мироқил Хайруллаев
Теглар:
Теглар






