«Реал Санжик» устидан суд бошланди
Санжар Каримов ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, фирибгарлик ҳамда наркожиноят моддалари билан айбланмоқда.

Бугун, 10-апрел куни жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида ижтимоий тармоқлар орқали «Реал Санжик» тахаллуси билан танилган, «Finans invest» КСБ таъсисчиси Санжар Каримовга оид жиноят иши кўриб чиқилиши бошланди. Бу ҳақда суд залидан VAQT.UZ мухбири хабар берди.
У Жиноят кодексининг 112-моддаси 1-қисми (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш), 168-модда 4-қисми а-банди (Фирибгарлик), 273-модда 2-қисмида (Гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилофравишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда. Мазкур жиноят иши судя Баҳром Бердиев раислигида кўриб чиқиляпти. Жиноят ишида 2 нафар жабрланувчи бор.
Биринчи суд мажлисида давлат айбловчиси Қосимов судга ОАВ фаолиятини чеклаш тўғрисида илтимоснома киритди.
Судя Баҳром Бердиев прокурорнинг илтомосномасини қисман қаноатлантириб, ОАВ вакилларига тўғридан тўғри эфир ҳамда видео тасвирга олишни чеклаш ҳақида ажрим чиқарди. Лекин аудио ҳамда фотоматериаллар олишига рухсат берилди.
Гап нимада ўзи?
36 ёшли машҳур автоблогер Санжар Каримов ўтган йили кўплаб муҳокамалар ва жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган алданган тошкентлик қиз воқеасига алоқадор. Ушбу ишда у гувоҳ сифатида қатнашган.
2025-йил октябр ойида қиз «Instagram»даги саҳифасида ўзи ва оиласи фирибгарлик қурбони бўлганини маълум қилганди. Унинг сўзларига кўра, қизга уйланиши режалаштирилган куёв қизнинг қарийб 70 ёшга кирган ота-онасини улар яшаб турган уйни 12 кунга вақтинча «гаровга қўйишга» кўндирган. Аслида эса йигит уйни олди-сотди сифатида расмийлаштириб, блогер Санжар Каримовга ўтган.
Қизнинг таъкидлашича, битим вақтинчалик гаров сифатида тақдим этилган ва оила пул олмаган. Каримовнинг ўзи эса уйни барча оила аъзоларининг ихтиёрий розилиги билан расман 240 минг долларга сотиб олганини айтган.
Йигитга нисбатан фирибгарликнинг бир нечта эпизодлари бўйича қўзғатилган жиноят иши судга юборилган ва у 21-ноябр куни у 9 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Жабрланувчи оиланинг адвокатлари жиноят иши бўйича кўрсатмаларда иштирок этаётган блогернинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни талаб қилди. Судя илтимосномани қаноатлантириб, прокурорни хабардор қилишга қарор қилган.
Суднинг 2025-йил 28-ноябрдаги ажрими билан Тошкент шаҳар прокурори биринчи ўринбосарининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, блогерга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланди.
Теглар






