add

Revolut 50 дан ортиқ давлат карталаридан тўлдиришни тўхтатди: Ўзбекистон ҳам бор

Кеча 16:452442 дақиқа

Revolut 1 декабрдан эътиборан 50 дан ортиқ давлат карталаридан ҳисоб тўлдиришни тақиқлади. Юқори хавфли юрисдикциялар рўйхатига Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам киритилди.

Revolut 50 дан ортиқ давлат карталаридан тўлдиришни тўхтатди: Ўзбекистон ҳам бор

Revolut расмий сайтида 50 дан зиёд давлат карталаридан ҳисобга пул ўтказиш энди қабул қилинмаслиги ҳақидаги янгиланган рўйхат пайдо бўлди. Тақиққа анъанавий эмиграция йўналишлари билан бир қаторда Монако, Вануату, Венесуэла, Яман ва БАА каби мамлакатлар ҳам киритилган.

Oninvest нашриннг ёзишича, Европа Иттифоқида яшовчи бир қатор мижозлар карта орқали тўлдириш рад этилганини маълум қилган. Уларнинг барчаси МДҲ давлатларида чиқарилган карталардан Revolut ҳисобларини тўлдиришга уринган. Банк рад жавобида ўзининг ички қоидалари ва халқаро тўлов тизимлари комплаенс сиёсатидаги ўзгаришларни келтирган.

Халқаро тўлов тизимлари айрим давлатларни карта орқали тўлдириш амалиётларига нисбатан юқори хавфли юрисдикция деб белгилагани қайд этилган. Клиентлар билан ёзишмалардан маълум бўлишича, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам ана шундай юрисдикциялар қаторига киритилган. «Тўлдирувчи картага ортиқ хизмат кўрсатилмайди», — дея жавоб берган Revolut техник хизмати.

Шунингдек, МДҲ давлатлари банклари мобил иловаларидан Revolut ҳисобини тўлдириш имконияти ҳам ёпилган. Компанияга кўра, ушбу чекловлар 2025 йил 1 декабрдан кучга кирган ва улар вақтинчалик эмас, балки доимий ҳисобланади.

Муҳими, Revolut бу чекловларни санкциялар билан боғламайди. Чунки тўлдириш тақиқланган карталарни чиқарган банкларнинг бирортаси санкция остида эмас. Компания таъкидлашича, қарор фақат халқаро тўлов тизимлари комплаенсидаги янги талаблар билан боғлиқ. Категорияси юқори хавфли деб белгиланган давлатлардан келувчи карта тўлдириш амалиётлари бирдек чекланади.

Теглар

Мавзуга оид