
Риодаги полиция рейдида 130 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида «нарко-террористлар»га қарши ўтказилган полиция амалиёти фожиага айланди — қурбонлар сони 132 нафарга етди, улар орасида бегуноҳ фуқаролар ҳам борлиги айтилмоқда.

28 октабр куни Рио-де-Жанейрода ўтказилган полиция амалиёти Бразилия тарихидаги энг қонли рейд сифатида қайд этилди. Расмий маълумотларга кўра, «Қизил қўмондонлик» деб аталувчи жиноий тўдага қарши ўтказилган операцияда 2,5 мингга яқин полициячи қатнашган. Улар гиёҳванд моддалар савдосига алоқадор гумонланувчиларни қидириш учун шаҳарнинг чекка ҳудудларигача кириб боришган.
Биринчи кунда 64 киши ҳалок бўлган деб хабар қилинган бўлса, 30 октябрга келиб бу рақам икки баробарга ошиб, 132 нафарга етган. Улардан камида тўрт нафари полиция ходимлари бўлгани айтилмоқда. Аммо қурбонлар сони ҳали ҳам аниқланмаган.
New York Times манбасига кўра, ҳалок бўлган эркакларнинг жасадлари шаҳар четидаги майдонга қатор қилиб ётқизилган. Уларнинг кўпининг кийимлари ечилган бўлиб, бу қариндошларга танишни осонлаштириш учун қилинган. Тун давомида яқин ўрмонзор ҳудудидан яна ўнлаб жасадлар топилган.
Кўплаб маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, отишма тун ярмида итлар ҳуриши ва электр таъминоти узилиши билан бошланган. Бир неча соат ичида минглаб полициячилар зирҳли техника билан ҳудудга кирган, ҳавода икки полиция вертолёти айланиб юрган.
Амалиётнинг мақсади — тўда раҳбарини қўлга олиш бўлган, аммо бу вазифа бажарилмагани расман тан олинди. Шунга қарамасдан, Рио штати губернатори Клаудио Кастро рейдни муваффақиятли деб атади. Унинг маълумотича, операция давомида 113 киши ҳибсга олинган, 118 дона қурол ва бир тонна гиёҳванд моддалар мусодара қилинган.
Бу воқеа Рио шаҳрини ларзага солди — жиноятчилар ва полиция ўртасидаги доимий тўқнашувларга ўрганиб кетган аҳоли ҳам бундай қонли натижани илгари кўрмаган эди.





