add

«Роснефт» фойдаси 70 фоизга қулади: нефт инқирози янада чуқурлашди

30.11.2025 | 08:304002 дақиқа

Россиянинг энг йирик нефт компанияси «Роснефт» фойдаси йил давомида кескин 70 фоизга тушиб кетгани, асосий молиявий кўрсаткичлар барчаси пасайгани ҳақида расман билдирди.

«Роснефт» фойдаси 70 фоизга қулади: нефт инқирози янада чуқурлашди

Россия нефт соҳасидаги инқироз тобора чуқурлашар экан, унинг биринчи навбатдаги оқибати мамлакатнинг етакчи компанияси «Роснефт» фаолиятида яққол намоён бўлди. Компания 2025 йилнинг 9 ойлик натижаларини эълон қилиб, асосий кўрсаткичларда кескин пасайиш қайд этилганини маълум қилди.

Маҳсулот нархларининг тушиши, юқори кредит ставкалари ва рубл курсининг мустаҳкамланиши даромадларни сезиларли даражада қисқартирган. Ҳисоботга кўра, акционерларга тегишли соф фойда 70 фоизга камайиб, 277 млрд рублни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан энг йирик пасайишлардан бири сифатида қайд этилмоқда.

Даромадлар қисми ҳам жиддий қисқарган: компаниянинг умумий айланмаси 18 фоизга пасайиб, 6,29 трлн рублга тушди. EBITDA кўрсаткичи эса 29 фоизга камайиб, 1,64 трлн рубл атрофида қайд этилди. Ҳатто тузатишлардан кейинги эркин пул оқими ҳам қарийб яримга тушиб кетди — 45 фоизлик пасайиш билан 591 млрд рублгача.

Шу билан бирга, капитал қўйилмалар аксинча ўсди — 6 фоизга кўтарилиб, 1,11 трлн рублга етди. Нефтни қайта ишлаш ҳажми 57,7 млн тоннани ташкил этди; компания ҳажмлар тушишини «таъмирлаш ишлари» ва «заводлар юкламасини оптималлаштириш» билан изоҳлади.

«Роснефт» молиявий натижаларга босим қилган бир нечта омилни қайд этди. Улар орасида РФ МБнинг юқори асосий ставкаси, жаҳон бозорида нефт нархининг пасайиши, глобал таклифнинг кўпайиши ва рубл курсининг кучайиши бор. Айни шу омиллар экспортерлар даромадини миллий валютада сезиларли қисқартирди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Россия нефт секторига босим яқин ойларда ҳам сақланиб қолади, саноатдаги қолган йирик компанияларда ҳам шунга ўхшаш тренд давом этиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид

«Роснефт» фойдаси 70 фоизга қулади: нефт инқирози янада чуқурлашди | Vaqt.uz