
Россия АҚШ судидаги «Чор Россияси қарзи» даъвосини рад этди
Москва 1916 йилги облигациялар бўйича 225 млрд долларлик даъвони қайтариб олишни талаб қилмоқда.

Россия Федерацияси АҚШ судида кўрилаётган «подшоҳлик қарзи» бўйича даъвони мутлақо асоссиз деб ҳисоблаб, уни ихтиёрий равишда қайтариб олишни талаб қилди. Гап американинг «Noble Capital» инвестфонди томонидан Россия империяси 1916 йилда чиқарган облигациялар асосида қўзғатилган 225 млрд долларлик даъво ҳақида бормоқда. Бу ҳақда жавобгар томон манфаатларини ҳимоя қилаётган «Marks & Sokolov» юридик бюроси ҳамкори Сергей Соколов маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, ушбу қарз 1918 йилда Совет ҳукумати қарори билан бекор қилинган. На СССР, на ҳозирги Россия Федерацияси мазкур облигациялар бўйича мажбуриятни халқаро ҳуқуқ доирасида ҳеч қачон тан олмаган. Соколов бу қоғозларни «тарих ахлат қутисига ташлаб юборилган ҳужжатлар» деб атади. Унинг сўзларига кўра, империя давридаги қарзлар бўйича ҳуқуқий ворислик масаласи халқаро амалиётда ҳам эътироф этилмаган.
Россия томони «Noble Capital»га 30 январга қадар даъвони қайтариб олиш бўйича расмий талаб юборган. Агар белгиланган муддатга қадар бу амалга оширилмаса, жавобгарлар АҚШ қонунчилигидаги «Хорижий давлатлар иммунитети тўғрисида»ги қонунга таянилган ҳолда ишни кўриб чиқмасдан қолдириш ҳақида судга илтимоснома киритишни режалаштирмоқда. Бу эса иш мазмунан муҳокама қилинмасданёқ ёпилишига олиб келиши мумкин.
Мазкур даъво Россиянинг Ғарб мамлакатларида музлатиб қўйилган суверен активлари атрофидаги муҳокамалар фонида кўриб чиқилмоқда. Айрим ҳуқуқшунослар ва молиявий таҳлилчилар «Noble Capital»нинг асосий мақсади қарзни ундириш эмас, балки АҚШ ва Европа давлатларини музлатилган Россия активларидан фойдаланишнинг хусусий-ҳуқуқий механизмига йўналтириш эканини таъкидламоқда. Бу ҳақда аввалроқ РБК ҳам хабар берган.
Мутахассислар фикрича, даъвонинг ҳуқуқий истиқболи жуда паст. Бироқ у Россия активлари тақдири бўйича халқаро баҳсларга қўшимча босим ва сиёсий фон яратиши мумкин. Шу маънода, «Чор Россияси қарзи» мавзуси тарихий эмас, балки ҳозирги геосиёсий қарама-қаршиликнинг бир қисмига айланиб бормоқда.





