add

Россия автомобил бозори қайта инқирозга юз тутди

Кеча 10:001682

Россия автосаноати 2022 йилдаги «клиник ўлим»дан кейин тикланишга уринган бўлса-да, 2025 йил бошидан яна пасайишга юз тутди: январ–сентябрда ишлаб чиқариш 20 фоизга қисқарди.

Россия автомобил бозори қайта инқирозга юз тутди

Россия автомобил саноати яна оғир инқироз даврини бошдан кечирмоқда. Росстат маълумотларига кўра, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида мамлакатдаги автомобил ишлаб чиқариш ҳажми 20 фоизга пасайиб, 2022 йил бошидаги «уруш шоки»дан кейинги минимал кўрсаткичларга қайтди.

Маълумотларга кўра, ҳар чоракда инқироз янада кучаймоқда: биринчи чоракда 9,2 фоиз, иккинчисида 23 фоиз, учинчисида эса 26,7 фоизлик пасайиш қайд этилган. Илгари Россия автосаноати йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини 1 миллион автомобилдан оширган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 450 мингтага тушиб кетган — бу 1970-йиллар бошидан бери энг паст натижа ҳисобланади.

Германиядаги Халқаро хавфсизлик муаммолари институти таҳлилчиси Янис Клюгенинг таъкидлашича, ўтган йили Россияда ишлаб чиқариш санкцияларгача бўлган даражанинг 80 фоизига етиб қайтганди, аммо бу йил яна ярмига тушиб кетди. Энг катта йўқотишни юк автомобиллари ишлаб чиқарувчи корхоналар кўрмоқда — уларда ишлаб чиқариш 9 ойда 30 фоиз, сентябрда эса 41 фоизга қисқарган.

Йирик ишлаб чиқарувчи «Автоваз» 2024 йилда 500 мингта Lada автомобили сотган бўлса, 2025 йил учун режани 300 мингтага туширди. Корхона Толяттидаги заводда иш ҳафтасини 4 кунга қисқартирди. «КамАЗ» эса 9 ойда 29,1 млрд рубл миқдорида зарар кўрди — бу ўтган йилга нисбатан 7,6 баравар кўп.

avtovaz1

Автомобил бозоридаги инқирознинг асосий сабаби молиявий қийинчиликлар бўлди. Россияда янги машиналарнинг 80 фоизи кредит асосида сотилади, аммо Марказий банк 20 йил ичидаги энг юқори ставкани жорий этганидан сўнг аҳолининг қарз олиш имконияти кескин чекланди. Бунинг натижасида 9 ойда автомобил савдолари 22 фоизга камайди.

Иқтисодий танглик ва жисмоний шахсларнинг қарз олиш лаёқати пасайиши туфайли мамлакат бўйлаб юзлаб автосалонлар фаолияти тўхтатилди. Айрим йирик шаҳарларда уларнинг сони кескин қисқарди: Ростов-Донда — 29 фоиз, Санкт-Петербургда — 18 фоиз, Красноярскда — 17 фоиз, Москвада — 11 фоизга.

FRESH автомобил маркетплейси ривожланиш директори Юрий Чистов бу ҳолатни шундай изоҳлади:

«2025 йилда Россия автомобиль бозорида деярли «идеал бўрон» юз берди — аҳоли даромадлари ўсмаяпти, кредитлар қимматлашди, ишлаб чиқариш эса қайта таназзулга юз тутди».

Теглар

Мавзуга оид

Россия автомобил бозори қайта инқирозга юз тутди | Vaqt.uz