Россия бюджетида 3,4 трлн рубллик «туйнук»: икки ойлик тақчиллик йиллик режага яқинлашди

Хомашё рентасининг пасайиши ва иқтисодий ўсишнинг секинлашиши Россия бюджети даромадларини «емиришда» давом этмоқда. Россия Молия вазирлигининг 2026-йил январ-феврал ойлари бўйича ҳисоботига кўра, федерал бюджет тақчиллиги 3,449 трлн рублни ташкил этди.

Россия бюджетида 3,4 трлн рубллик «туйнук»: икки ойлик тақчиллик йиллик режага яқинлашди

Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,5 баробар кўпдир. Энг хавотирли жиҳати, икки ойлик бюджет тақчиллиги мамлакатнинг бутун 2026-йил учун белгиланган режаси (3,78 трлн рубл)га деярли яқинлашиб қолди.

Бюджетнинг икки ойлик ҳолати қуйидаги рақамларда акс этган:

Нефт-газ даромадлари: Икки баробарга камайиб, 826 млрд рублни ташкил этди. Бунга Россия нефти нархининг пасайиши ва қазиб олишнинг мажбурий қисқартирилиши сабаб бўлган.

Нохомашё даромадлари: Атиги 4,1 фоизга ўсган бўлса-да, инфляцияни ҳисобга олинса, реал кўринишда 1,6 фоизга камайган.

Умумий мувозанат: Бюджет солиқлар кўринишида йиғилганидан (4,76 трлн) деярли икки баробар кўп маблағ (8,21 трлн) сарфлаган.

 

Иқтисодиёт «зарба» остида

2026-йилнинг илк икки ойи Россия иқтисодиёти учун молиявий жиҳатдан ўта оғир кечди. Ҳукумат энди йил бошида эълон қилинган 1,3 фоизлик иқтисодий ўсиш прогнозини 0,7–1 фоизгача туширишга тайёргарлик кўрмоқда.

Экспертларнинг фикрича, ҳарбий харажатларни қисқартириш имконсиз бўлган бир шароитда, бюджетдаги «туйнук»ларни ёпиш учун ижтимоий соҳа ва фуқаролик иқтисодиёти «қурбон» қилиниши мумкин. Ҳукумат бюджет қоидаларини ўзгартириб, Миллий фаровонлик жамғармасидан кўпроқ маблағ олишни режалаштирмоқда.

 

Эрон урушининг «қутқарув» таъсири

Яқин Шарқда, хусусан Эронда бошланган уруш нефт нархини бир баррел учун 100 доллардан юқорига кўтарди. Бу Россия бюджети учун қўшимча даромад манбаи бўлиши мумкин. Бироқ экспертлар бу таъсир урушнинг қанча давом этишига боғлиқ эканини таъкидламоқдалар.

Агар низо бир неча ҳафтада тугаса, бюджетдаги муаммолар сақланиб қолади.

Агар уруш чўзилиб кетса, қўшимча нефт даромадлари биринчи навбатда Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни молиялаштиришга йўналтирилиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид