Logo

Россия чеклов қўйган Ўзбекистоннинг 5 экспортчи корхонаси текширувга олинди

Бугун 10:552 дақиқа

Россия фитосанитар талаблар бузилганини қайд этган Ўзбекистоннинг бешта экспортчи корхонасида текширувлар бошланди. Мазкур корхоналар Хоразм, Сурхондарё, Навоий ва Бухоро вилоятларида жойлашган корхоналар бўлган.

Россия чеклов қўйган Ўзбекистоннинг 5 экспортчи корхонаси текширувга олинди © Ijtimoiy tarmoqlar

Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси Россия томони фитосанитария талабларини мунтазам бузган деб топган бешта экспортчи корхона фаолиятини ўрганишни бошлади.

Аввалроқ «Росселхознадзор» 23-июлдан бошлаб фитосанитар талабларни энг кўп бузган Ўзбекистоннинг бешта экспортчиси учун Россия ҳудудига маҳсулот олиб киришга чеклов жорий этганлиги ҳақида хабар берилгандии.

Маълумотларга кўра, Россия томони ушбу қарор бўйича расмий маълумотларни Ўзбекистонга тақдим этган.

Тақдим этилган ҳужжатларга кўра, қоидабузарликлар Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги битта корхонада 15 марта, Сурхондарё вилояти Узун туманидаги битта корхонада 11 марта, Навоий вилояти Қизилтепа туманида жойлашган иккита корхонада жами 15 марта ҳамда Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги битта корхонада 7 марта қайд этилган.

Нималар текширилади?


Қўмита ҳар бир корхона кесимида маҳсулотни етиштириш, сақлаш, саралаш ва экспортга тайёрлаш жараёнларини ўрганмоқда.

Шунингдек, фитосанитария назорати ҳамда маҳсулотнинг келиб чиқишини кузатиш тизимининг амалдаги ҳолати текширилади. Ўрганишлар якунларига кўра миллий қонунчилик ва халқаро фитосанитария талаблари асосида тегишли ҳуқуқий ҳамда ташкилий чоралар кўрилиши режалаштирилган.

Қайд этилишича, «Росселхознадзор» билан ишчи мулоқотлар давом эттирилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, фитосанитар хавфларни камайтириш ва жорий этилган чекловларни қисқа муддатда бекор қилиш бўйича ишлар олиб борилади.

Бошқа экспортчиларга таъсири

Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси Россия томони жорий этган чекловлар фақат фитосанитар талабларни бузгани қайд этилган ушбу бешта экспортчи корхонага тааллуқли эканини таъкидлади.

Қўмитага кўра, белгиланган фитосанитар талабларга тўлиқ риоя қилаётган бошқа маҳаллий экспортчилар учун ҳеч қандай чеклов жорий этилмаган. Улар маҳсулотларини Россия ва бошқа ташқи бозорларга амалдаги тартиб асосида экспорт қилишда давом этмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Россия чеклов қўйган Ўзбекистоннинг 5 экспортчи корхонаси текширувга олинди | Vaqt.uz