add

Россия Давлат думаси Telegram ва WhatsApp’да рўйхатдан ўтишни блоклашни маъқуллади

01.11.2025 | 11:252212

Дума қўмитаси Telegram ва WhatsApp’да SMS орқали рўйхатдан ўтишни тақиқлашни «замон талаби» деб атади. Депутатлар бу чора давлат мессенжери Max’нинг ривожига хизмат қилишини таъкидлади.

Россия Давлат думаси Telegram ва WhatsApp’да рўйхатдан ўтишни блоклашни маъқуллади

Россия Давлат думаси ахборот сиёсати бўйича қўмитаси Telegram ва WhatsApp мессенжерларида рўйхатдан ўтиш учун SMS ва қўнғироқларни блоклашни қўллаб-қувватлади. Қўмита раиси ўринбосари Александр Юшченко бу қарорни «тўғри ва замон талабига мос», деб атади. Унинг сўзларига кўра, бу чора Россиянинг давлат мессенжери Max платформасини қўллаб-қувватлаш мақсадида жорий этилган.

«Бу чеклов фойдаланувчиларга жиддий таъсир қилмайди. Бу, аксинча, ички рақамли маҳсулотни ривожлантиришга ёрдам беради», — деди Юшченко «Подъём» нашрига берган изоҳида. У шундай қўшимча ҳам қилди: «Ким WhatsApp ёки Telegram’дан фойдаланишни хоҳлаган бўлса, аллақачон рўйхатдан ўтган. Қолганлар эса Max’га ўтиши мумкин — бу мутлақо одатий жараён».

Юшченко, шунингдек, бу чекловни қонун даражасида мустаҳкамлаш «мантиқан тўғри бўлиши»ни таъкидлади. Унга кўра, давлатнинг мақсади — хорижий мессенжерлар фаолиятини қийинлаштириш ва миллий рақамли инфратузилмага устуворлик бериш.

Ахборот қўмитаси раҳбарининг ўринбосари Олег Матвейчев ҳам WhatsApp’да рўйхатдан ўтишни тақиқлаш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Унинг фикрича, компания Россия қонунларига бўйсуниб иш тутмаётгани сабабли унинг фаолияти чекланиши керак. Матвейчев WhatsApp’ни «қонунбузар мигрант»га қиёслаб, «бундай ҳолатда депортация зарур», деган ташбеҳни келтирди.

Аввалроқ «Код Дурова» интернет-нашри томонидан Россия телеком бозоридаги манбаларга таяниб, айрим мобил операторлар Telegram ва WhatsApp учун SMS ва қўнғироқлар орқали рўйхатдан ўтиш кодларини блоклай бошлаганини хабар қилинган эди.

Теглар

Мавзуга оид

Россия Давлат думаси Telegram ва WhatsApp’да рўйхатдан ўтишни блоклашни маъқуллади | Vaqt.uz