Россия Донбассни нега ҳалигача тўлиқ босиб ололмаяпти ? NYT таҳлили
Америка газетасининг ҳисоб-китобига кўра, Россия ҳозирги ҳужум суръати билан бу мақсадга эришиши учун 30 йилдан ортиқ вақт сарфлайди.
© Foto: nytimes.comАгар Россия қўшинларининг ҳозирги ҳужум суръати сақланиб қолса, Донецк ва Луганск областларини тўлиқ босиб олиш учун ўттиз йилдан ортиқ вақт талаб этилиши мумкин. Бу ҳақда «The New York Times» газетаси томонидан эълон қилинган фронтдаги вазият таҳлили хулосасида айтилади.
Мақолада таъкидланишича, Россия қўшинларининг олдинга силжишига тўсқинлик қилаётган асосий омил «дронлар уруши» бўлмоқда. Украина армияси томонидан учувчисиз учиш аппаратларининг оммавий қўлланиши Россия кучларини кенг кўламли механизациялашган ҳужумлардан воз кечишга мажбур қилган.
Дронлар уруши фронтни ўзгартирмоқда
Қайд этилишича, Россия бўлинмалари тобора кўпроқ кичик пиёда гуруҳлари ёрдамида ҳужум уюштириш тактикасига ўтмоқда. Бу каби ҳаракатлар фақат маҳаллий даражадаги муваффақиятларга эришиш имконини беради, бироқ фронт чизиғида стратегик ўзгаришларга олиб келмайди.
Нашр маълумотларига кўра, 2025 йил охирида Россия кучлари фронтнинг айрим чизиқларида чекланган ютуқларга эриша олган. Бироқ 2026 йил бошидан буён ҳужум суръати деярли тўхтаб қолган, баъзи йўналишларда эса Украина бўлинмалари илгари бой берилган позицияларни қайтариб олишга муваффақ бўлган.
Технологик устунлик муҳим омилга айланган
Таҳлил муаллифлари, шунингдек, Украинанинг дронлар технологияси соҳасидаги устунлиги ҳамда Россия кучлари учун «Старлинк» сунъий йўлдош алоқасидан фойдаланиш чеклаб қўйилгани жанг майдонидаги вазиятга сезиларли таъсир кўрсатаётганини таъкидламоқда. Бу эса, ўз навбатида, разведка маълумотларини тўплаш ва ҳарбий ҳаракатларни мувофиқлаштириш самарадорлиги пасайишига олиб келмоқда.
Экспертларнинг фикрича, Украина технологик ва тактик ечимларда устунликни сақлаб қолар экан, Москванинг фронтни барқарорлаштириш ва янги ҳужумга тайёргарлик кўришга бўлган уринишлари қийинлашади.





