add

Россия дунёдаги энг юқори ҚҚС ставкаларига эга 20 та мамлакат қаторига киради

Бугун 08:584072

2026 йилда Россияда ҚҚСнинг 22 фоизгача оширилиши мамлакатни дунёдаги энг юқори қиймат қўшилган солиқ ставкаларига эга давлатлар қаторига олиб чиқади.

Россия дунёдаги энг юқори ҚҚС ставкаларига эга 20 та мамлакат қаторига киради

Россияда 2026 йилдан амалга кириши режалаштирилган ҚҚС ставкасини 20 фоиздан 22 фоизга ошириш қарори мамлакатни дунёдаги энг юқори солиқ юкламасига эга давлатлардан бирига айлантиради. Бу ҳақда Гайдар институти экспертлари маълум қилди.

Қиймат қўшилган солиқ мамлакат федерал бюджети даромадларининг қарийб 40 фоизини таъминлайди. У 2019 йилгача 18 фоиз бўлган бўлса, кейин 20 фоизгача оширилган, энди эса яна икки фоизга кўтарилади. Экспертлар ҳисоб-китобига кўра, шундан кейин ҚҚС даражаси бўйича Россия фақат Венгрия (27 фоиз), Дания, Хорватия ва Швеция (25 фоиз), Финландия, Эстония ва Греция (24 фоиз), Словакия ва Ирландия (23 фоиз)дан кейинга жойлашади.

Европанинг йирик иқтисодиётларида бу кўрсаткич анча паст — Францияда 20 фоиз, Германияда 19 фоиз. Шу билан Россия Европа иттифоқига кирмайдиган давлатлар орасида ҚҚС бўйича етакчига айланади. Уругвайда ҳам ставканинг айни даражада — 22 фоиз экани қайд этилган. Масалан, Хитойда ҚҚС 13 фоиз, Ўзбекистонда 12 фоиз, Японияда — 10 фоиз, БААда эса атиги 5 фоизни ташкил этади.

VAT world 1

Россия Молия вазирлиги янги ҚҚС орқали бюджетга қўшимча 1,4 трлн рубл йиғишни режалаштирган. Бу маблағнинг катта қисми мамлакат ҳарбий харажатларига йўналтирилиши кутилмоқда — ҳозир ҳар учинчи рубл мудофаа эҳтиёжларига сарфланмоқда. Бюджет тақчиллиги 2025 йилда 5,7 трлн рублга етди, келгуси йилда эса 3,8 трлн рубл даражасида бўлиши прогноз қилинмоқда.

Бироқ Гайдар институти экспертлари солиқни ошириш иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатиши ҳақида огоҳлантирмоқда. Уларга кўра, ҚҚСнинг кўтарилиши қисқа муддатли инфляцияни кучайтиради, ички истеъмолни чеклайди ва аҳоли ҳамда бизнес харид қобилиятини пасайтиради. Бу натижада давлат бюджети режалаштирилганидан 600 млрд рубл камроқ даромад олиши мумкин.

Иқтисодчи Софья Донец Россия «солиқ спирали» хавфи остида туриганини таъкидлаган:

«Солиқларни кўтариб, кўпроқ йиғишни хоҳлайсиз, лекин натижада иқтисодиёт секинлашади ва даромад яна камаяди. Бу тенденция 2026 йилда янада кучайиши мумкин», — деди у.

Теглар

Мавзуга оид

Россия дунёдаги энг юқори ҚҚС ставкаларига эга 20 та мамлакат қаторига киради | Vaqt.uz