add

Россия электромобилларни Қрим кўпригидан ўтишни тақиқлади

01.11.2025 | 20:254122

3 ноябрдан бошлаб Қрим кўприги орқали электромобил ва ҳибрид автоуловлар ҳаракати тақиқланади. Ҳукумат бу қарорни антитеррор хавфсизлиги талаблари билан изоҳламоқда.

Россия электромобилларни Қрим кўпригидан ўтишни тақиқлади

Россиянинг Краснодар ўлкаси ҳокимияти Қрим кўприги орқали электромобил ва ҳибрид автомашиналарнинг ҳаракатини тақиқлашга қарор қилди. ТАСС агентлиги хабар беришича, бу чора «антитеррор комиссия тавсияси»га мувофиқ қабул қилинган ва губернатор Вениамин Кондратйев имзолаган ҳужжат 3 ноябрдан кучга киради.

Тақиқ А-290 трассасининг Новороссийск–Керч йўналишидаги Тамандан Қрим кўприги бошланишигача бўлган қисмига тааллуқли. Электромобил эгаларига Россия томонидан ишғол қилинган Украина ҳудуди орқали — Таганрогдан Жанкойгача, Запорижжя ва Луҳанск орқали ўтувчи ер усти йўлидан фойдаланиш тавсия этилган.

Россия ҳукумати бу қарорни террорчилик хавфи билан боғламоқда. 2022 йил октябрида кўприкда содир бўлган портлаш натижасида беш киши ҳалок бўлганидан сўнг, объектдаги хавфсизлик қоидалари кескин кучайтирилган: юк машиналарига ҳаракат тақиқланган, енгил автоуловлар тўлиқ текширувдан ўтади, ҳаракат эса вақти-вақти билан тўхтатиб турилади.

Россия оммавий ахборот воситалари маълумотича, бу қарор ФСБнинг огоҳлантириши билан бир вақтда қабул қилинган — Украина гўё мина ўрнатилган электромобиллар орқали кўприкка ҳужум қилишни режалаштиргани айтилган. Хавфсизлик хизматлари аввал Chevrolet Volt автомобилидаги портловчи моддани аниқлаб, уни зарарсизлантирганини маълум қилган.

Маълумотларга кўра, Украина махсус хизматлари мина ўрнатилган автомобилни Гуржистон орқали Краснодар ўлкасига етказиб, кўприкни кесиб ўтиш учун бошқа ҳайдовчига топширмоқчи бўлган. Аммо ФСБ машинани ушлаб, барча иштирокчиларни қўлга олган.

Россия ҳукумати бу таъқиқни Украина томонидан сўнгги пайтларда амалга оширилаётган инфратузилма ва нефт заводларига ҳужумлар билан боғламоқда. Москвада электромобиллар ва дронлар диверсия воситаси сифатида қўлланилиши мумкинлигидан хавотир билдирилган. Киев эса Қрим кўпригини йўқ қилишни ўзининг асосий ҳарбий мақсадларидан бири деб атайди.

Теглар

Мавзуга оид