add

Россия иқтисодиёти учун 1990-йиллардан бери энг ёмон инқироз хавфи — РФ МБ прогнози

29.10.2025 | 09:184702

Россия Марказий банки «хавфли сценарий»да мамлакат иқтисоди икки йил кетма-кет пасайишини, нефт нархи 35 долларга тушса ва санкциялар кучайса, инфляция 12 фоизгача чиқишини башорат қилмоқда.

Россия иқтисодиёти учун 1990-йиллардан бери энг ёмон инқироз хавфи — РФ МБ прогнози

Россия Марказий банки иқтисодиёт учун «хавфли сценарий»ни тақдим этди. Унга кўра, агар нефт нархи баррелига 30–35 долларга тушса ва Ғарб санкциялари кучайса, мамлакат ялпи ички маҳсулоти 2026 йилда 2,5–3,5 фоиз, кейинги йили яна 2–3 фоизга қисқаради. Бу икки йиллик рецессия Россияда сўнгги бор 1990-йиллар ўрталарида кузатилган эди.

Марказий банк ҳисоб-китобига кўра, иқтисодий пасайиш чўққиси — 2026 йилнинг тўртинчи чорагида ўсиш суръатлари 6–7 фоизга тушиб кетади. Экспорт тушумлари 2026 йилда 108 млрд, 2027 йилда яна 51 млрд долларга камайиб, умумий ҳажм 255 млрд долларгача пасайиши кутилмоқда — бу 2005 йилдан бери энг паст кўрсаткич. Солиштириш учун, ўтган йили Россия экспорти 434 млрд доллар бўлган, бу йил эса 414 млрдга тушиши кутиляпти.

Ҳисоботда таъкидланишича, «хавфли сценарий» ташқи савдода зиддиятларнинг кучайиши, деглобализация жараёнларининг тезлашиши ва жаҳон иқтисодиёти ўсиш суръатларининг кескин пасайиши билан изоҳланади. Бундай шароитда инфляция 10,5–12,5 фоизгача кўтарилиб, 2005 йилдан буёнги рекордни янгилайди. Марказий банк асосий ставкани 2026 йилда 17,5–19,5 фотз, 2027 йилда эса 18–20 фоиз даражасигача оширишга мажбур бўлади.

Аҳоли учун бундай сценарийда яшаш қийинлашади: хусусий истеъмол 2026 йилда 0,5–1,5 фоиз, 2027 йилда эса 6–7 фоизга қисқаради. Бизнес эса инвестицияларни 2026 йилда 11–13 фоиз, кейинги йилда яна 5–7 фоизга камайтиради.

Марказий банкнинг огоҳлантиришича, санкциялар ва арзон нефт шароитида экспорт ҳажми қисқаради, бу эса Миллий фаровонлик фондидан фаол фойдаланишга мажбур қилади. Натижада, 2026 йил охирига бориб, фонд захиралари тезда тугаши мумкин.

Шу шароитда ҳукумат харажатларни «нисбатан қисқартириш» орқали бюджетни секвестр қилишга мажбур бўлади. Марказий банк март ойида 27 та йирик тижорат банкида стресс-тест ўтказиб, «хавфли сценарий» шароитида 400 та асосий корпоратив мижознинг барқарорлигини баҳолаган.

Феврал ойида эса МБ ҳукуматга ёпиқ ҳисобот тақдим этиб, нефть нархларининг узоқ муддат пасайиши эҳтимоли ҳақида огоҳлантирган. Ҳисоботда АҚШ ва OPEC мамлакатларининг ишлаб чиқаришни ошириш режалари таъкидланган. Саудия Арабистони 1980-йилларда шундай йўл билан нархларни 30 доллардан 10–15 долларга туширган ва бу СССРда валюта кризиси ҳамда кейинги банкротликка олиб келгани эслатиб ўтилган.

Теглар

Мавзуга оид