Россия мигрантларни мамлакатга киришдан олдин текширмоқчи

Бугун 16:552 дақиқа

Россия меҳнат мигрантларини назорат қилиш тизимини ўзгартиришга тайёрланмоқда. Янги тартиб чет элликлар учун мамлакатга киришдан олдин бошланиши мумкин.

Россия мигрантларни мамлакатга киришдан олдин текширмоқчи © Фото: © Дмитрий Рогулин/ ТАСС

Россия Ички ишлар вазирлиги миграция соҳасида янги механизмларни жорий этишни режалаштирмоқда. Улар орасида миграция хаблари тармоғини ташкил этиш ҳамда чет эл фуқароларини Россияга келмасидан олдин текшириш тизими ҳам бор.

Бу ҳақда Россия ИИВ Чет эл фуқароларини рўйхатга олиш ва фуқаролик масалалари бўйича хизмати миграция хавфсизлиги департаменти раҳбарининг биринчи ўринбосари Алексей Егоров Халқаро хавфсизлик форумида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, мигрантларни дастлабки текшириш ҳам Россия ҳудудида, ҳам уларнинг ўз мамлакатларида ташкил этиладиган махсус тайёргарлик марказлари орқали амалга оширилади.

Электрон карта нима беради?

Янги тизимнинг асосий элементларидан бири электрон маълумот ташувчига эга идентификация картаси бўлади.

У чет эл фуқароларига Россияга киришидан аввал расмийлаштирилиши режалаштирилмоқда.

Маълум қилинишича, карта эгасининг биометрик маълумотларини ўз ичига олади ва шахсни тасдиқлаш воситаси сифатида хизмат қилади. Шунингдек, меҳнат шартномасини тузишда ҳам ушбу ҳужжат асосий воситалардан бирига айланиши мумкин.

Карта орқали мигрант ҳақидаги зарур маълумотларни ягона тизимда жамлаш кўзда тутилган.

Назорат кучайтирилади

Алексей Егоровнинг таъкидлашича, Россия учун асосий вазифалардан бири мамлакатда ноқонуний яшаб юрган чет элликлар сонини қисқартириш ҳисобланади.

Шу билан бирга, ҳукумат ташкиллаштирилган қабул орқали жалб қилинадиган хорижий ишчилар улушини оширишни ҳам режалаштирмоқда.

Ҳозирча миграция хаблари қачон ишга туширилиши ва электрон идентификация карталарини бериш қачон бошланиши ҳақида расмий муддатлар эълон қилинмаган.

Теглар

Мавзуга оид