
Россия мигрантларнинг бепул даволанишини чекламоқда
Янги қонунга кўра, меҳнат муҳожирлари фақат мамлакатда беш йиллик суғурта стажига эга бўлган тақдирдагина бепул тиббий ёрдам олишлари мумкин.

Россия Давлат думаси чет эллик ишчилар учун мажбурий тиббий суғурта полисини бериш қоидаларини қаттиқлаштириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда Давлат думаси матбуот хизмати хабар берди.
Давлат думаси раиси Вячеслав Володинга кўра, ҳужжат давлат ҳисобидан бепул даволанишга рухсат берувчи суғурта Россияда камида беш йил қонуний ишлаган муҳожирларга тақдим этилишини назарда тутади. Истисно фақат фавқулодда ҳолатлар учун амал қилишини қўшимча қилди.
«Мамлакатимизга ишлаш учун келган ва юқори стандартдаги ижтимоий кафолатлардан фойдаланмоқчи бўлганлар ҳалол ва қонуний меҳнат билан бунга ҳақли эканликларини исботлашлари керак», - деди у.
OMC полиси давлат ижтимоий дастури доирасида бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини тасдиқлайди. Ҳозирда бундай ҳужжатни расмийлаштириш учун Россияда уч йиллик иш стажи талаб этилмоқда.
Қонун лойиҳасига тушунтириш хатида кўрсатилишича, Россияда вақтинча яшаб ва ишлаётган чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар учун беш йиллик иш стажи мажбурий бўлади.
Юқори малакали мутахассисларга истиснолар қўлланилади. Улар амалдаги қоидалар бўйича бепул даволанишга рухсат берувчи суғурта расмийлаштириш ҳуқуқини сақлаб қоладилар. Имтиёзлар Жаҳон савдо ташкилотига аъзо мамлакатлар компанияларининг филиаллари, ваколатхоналари ва шўба корхоналарига юборилган чет элликлар учун ҳам ўз кучида қолади.
Қонун Россия президенти томонидан имзолангандан сўнг кучга киради.





