Россия нефт портларида узилишлар юз берди

Приморск ва Уст-Луга портларига дрон ҳужумлари Россия нефт экспортига жиддий таъсир кўрсатди.

Россия нефт портларида узилишлар юз берди

Россиянинг Болтиқ денгизидаги энг йирик экспорт портлари — Приморск ва Уст-Луга дрон ҳужумларидан сўнг фаолиятида жиддий узилишларга дуч келди.

«Reuters» агентлигининг хабар беришича, ушбу портлар март ойидан буён нефт маҳсулотларини қабул қилишни чеклаган.

Агентлик манбаларининг таъкидлашича, 22 мартдан бошлаб нефтни қайта ишлаш заводлари дизел ёқилғисини Транснефт тизими орқали экспорт қилиш имкониятидан маҳрум бўлган.

Экспорт занжирига таъсир

Бу ҳолат Сибир ва Россиянинг Европа қисмидаги йирик заводларга салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг экспорт занжирини издан чиқарган.

Шунингдек, «Усть-Луга Ойл» терминали йўналишида юк қабул қилиш 27 мартдан тўхтатилган. Нефт маҳсулотларини ташувчи Россия темир йўллари эса юк ташишга чекловлар жорий этган ва бу чекловлар 14 апрелгача узайтирилган.

Зарар кўлами

Маълум қилинишича, март ойининг сўнгги ўн кунлигида портларга берилган дрон зарбалари инфратузилмага жиддий шикаст етказган.

Сунъий йўлдош тасвирларига кўра, Приморскдаги нефт сақлаш қувватларининг тахминан 40 фоизи, жумладан 8 та йирик резервуар ёниб кетган.

«Reuters» манбаларига кўра, Украина томонидан портлар, қувурлар ва қайта ишлаш заводларига берилган зарбалар натижасида Россия нефт экспорт қувватларининг тахминан 20 фоизини йўқотган. Бу кўрсаткич аввал 40 фоизгача етган бўлса-да, айрим қувватлар қисман тикланган.

Теглар

Мавзуга оид