«Россия Ўзбекистон ичида ҳам уруш тарғиботини олиб бормоқда, лекин нега масъуллар жим?» — ҳуқуқшунос

Бугун 18:033 дақиқа

Миграция масалалари бўйича эксперт, юрист Ботиржон Шермуҳаммад Vaqt.uz сайтига берган интервьюсида Россиянинг урушга одам ёллаш бўйича тарғиботи Ўзбекистон ичида ҳам бемалол олиб борилаётгани, лекин ҳолат масъуллар томонидан эътиборсиз қолдирилаётганини кескин танқид қилди. Унинг фикрича, Россиянинг қатор сайт ва ижтимоий тармоқлари орқали мамлакат ичида қилинаётган тарғибот ва эълонлар давлат хавфсизлигига бевосита таҳдид, лекин улар жавобгарликсиз қолдирилмоқда.

Тарғибот машинаси ва масъуллар сукути

«Ҳозир Ўзбекистон ҳудудида четдаги бирор-бир ҳарбий ҳаракатларга ёлланиш эълонларини қўйиш ноқонуний, тўғрими? Ноқонуний, албатта. Ўзбекистонда кўпчилик фойдаланади, дейлик, mail.ru почтаси бор. Уни мобил дастуридан ёки сайтдан киришингиз мумкин. Тошкентдан туриб, Ўзбекистондан туриб киришингиз мумкин. ВКонтакте ёки Одноклассники каби тармоқлар бор. Ҳозир Россияга тегишли бўлган мана шунақанги платформаларда очиқчасига урушга ёллаш, Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиш ҳақида эълонлар бериб бориляпти.

Уни мен ҳатто экран тасвирларини олганман ва у ерда шартнома орқали 2 миллион 700 минг рубль, 3 миллион рубль пул ишлаб олиш мумкинлиги ёзилган.

Тасаввур қилинг, ҳозирги кунда технологиялар орқали ҳар қандай эълонни, материални давлатга қаратиб чеклаш ва бошқа имкониятлари бор. Ўзбекистон ҳудудида ҳам. Ҳозир агар мен бирор жойда шундай эълон қўйсам, бир пастда, масалан, менга келишади, ҳуқуқий чора кўрилади. Хўш, нега Россия томонига эмас?» — деди ҳуқуқшунос.

Давлат хавфсизлиги ва кечикаётган чекловлар

Ботиржон Шермуҳаммаднинг мисол келтиришича, масалан, Ўзбекистоннинг бирор ватандоши интернет ва ижтимоий тармоқларда қандайдир ғайриқонуний ҳаракат қилса, эълон жойлаштирса, жавобгарликка тортилади, лекин Россиянинг оммавий равишда уруш тарғиботи давлат хавфсизлигига тўғридан-тўғри хавф бўлса-да, чора кўрилмаяпти, ҳеч қандай реакция йўқ.

«Гап шунда, кўряпсизми? Мана TikTok’ни блокладик-а? Тарбияга, бошқага таъсири катта дедик. Лекин TikTok’да ҳеч ким ҳеч кимни урушга жалб қилаётгани йўқ эди. Лекин ҳозир Россиянинг турли сайт ва тармоқлари орқали Ўзбекистон фуқаролари бемалол урушга жалб қилиняпти. Нега биз унга чора кўра олмаймиз? Блоклаш ва керак бўлса сайт ва тармоқ раҳбарларига чора кўриш керак эмасми? Улар ҳеч бўлмаса Ўзбекистон ҳудудида бунақанги оммавий тарғиботини қилмасин.

Ўзим, масалан, бу каби постларни Олий Мажлисдаги депутатларга юбордим, амалдорларга ҳам юборганман, ўша Миграция агентлигининг жамоатчилик кенгашининг гуруҳига ҳам юборганман. Яъни бу нарсалар ҳалиги одамлар билмаганлиги учун эмас, билиб турибди, ҳамма билиб турибди. Фақат чора йўқ, ҳеч қандай реакция йўқ. Яъни биз ҳеч бўлмаса ўз мамлакатимизда, агар биз суверен давлат бўлсак, шунга қарши курашайлик», — деди у.

Россиядаги ҳуқуқий босим ва Ўзбекистон ҳукуматининг вазифаси

Ҳуқуқшунос шунингдек, Россияда айни вақтда амалда бўлган уруш тарғиботи ўта кучайтирилган шароитда ишлаётгани, бундай пайтда Ўзбекистон ҳукумати Россиядаги ватандошларига ёрдам кўрсатиши шартлигини таъкидлади.

«Ҳозир Россияда шундай вазиятки, унга кўра, бирор-бир жиноятда айбланаётган шахсга суриштирувда, судда ва суддан кейин ҳам Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузиш таклифи билдирилмоқда. Бу ҳатто қонунчиликка ҳам киритилган амалиёт. Жиноятда айбланаётган ёки айби исботланган шахс урушга боришга розилик билдирса, у жазодан қутулади.

Бундай пайтда оддий меҳнат муҳожири нима қилсин? У ерда шунингдек, ҳисобот учун ҳам жиноятчи топиш тизими ишлаб турибди-ку. Яъни шуларни ҳисобга олиб ҳам ҳукумат иложи борича тезроқ Россия билан маҳкумларни ватанда жазо ўташини кўзда тутувчи шартнома имзолаши лозим.

Нима, Ўзбекистоннинг 5–10 минг ватандошини қайтариб келишга пули қолмаганми? Ўзи шу ерда боқа олмайдими уларни? Шунақанги бир камбағал аҳволга тушиб қолганмизми? Наҳотки 10 минг одамни Ўзбекистонга олиб келиб, Ўзбекистон қамоқхоналарида сақлай олмасак? Шунга қараб қолган агар давлат бўлса, билмадим энди. Агар шунга имконияти бўлмаса, айтсин очиқчасига, биз бир нарса қилиб, халқимиздан пул йиғиб бўлса ҳам имконият қилиб берайлик», — деди Ботиржон Шермуҳаммад.

 Дастурни тўлиқ ҳолда ушбу ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.

 

Илёс Сафаров

Илёс СафаровМақолалар сони: 68

Барчаси

Мавзуга оид