Россия суди «Google»дан жаҳон ЯИМидан миллион баравар кўп пул талаб қилмоқда

19.02.2026 | 08:552 дақиқа

Россия Олий суди «Google»дан 91,5 квинтиллион рубл ундириш қарорини ўз кучида қолдирди — бу сумма жаҳон ялпи ички маҳсулотидан тахминан миллион баравар катта.

Россия суди «Google»дан жаҳон ЯИМидан миллион баравар кўп пул талаб қилмоқда

Россия Олий суди «Google International LLC» компаниясининг кассация шикоятини қаноатлантирмади ва қуйи инстанциялар қарорини кучида қолдирди. «РИА Новости»нинг хабар қилишича, судья Сергей Самуйлов ишни қайта кўриб чиқиш учун асос топмаган.

Бунгача Москва Арбитраж суди 2025 йил баҳорида «Google»дан 91,5 квинтиллион рубл ундириш тўғрисида қарор чиқарган эди. Бу тахминан 1,2 квинтиллион долларга тенг. Жаҳон банки маълумотларига кўра, дунё ялпи ички маҳсулоти 100 трлн доллар атрофида. Шу тариқа даъво суммаси жаҳон ЯИМидан миллион бараварга яқин юқори.

Иш тарихи 2020 йилга бориб тақалади. «Царград» ва РИА ФАН YouTube’даги блокланган аккаунтларини тиклаш талаби билан «Google LLC», «Google Ireland» ва Россиядаги «Гугл» МЧЖга қарши даъво киритган. Суд улар фойдасига қарор чиқарган, аммо компания талабни бажармаган.

 

Астрент механизми

Суд ижро этилмаган ҳар бир кун учун прогрессив астрент белгилаган. Жарима 100 минг рублдан бошланган ва ҳар ҳафта икки бараварга оширилган. Бу механизм сумманинг геометрик прогрессиясига олиб келган.

2022 йилда Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг Google мамлакатдаги фаолиятини тўхтатди. 2023 йил октябрида компания Россияда касод деб эътироф этилди. Кейинчалик суд пеня ҳисоблашни касодлик санаси билан чеклади.

Шунинг натижасида якуний сумма 91,5 квинтиллион рубл этиб белгиланди. Бунгача ҳисобланган сумма 1,81 дуодециллион рублгача етган эди.

Иш бўйича жабрланувчилар сифатида «Звезда», «Первий канал», ВГТРК ва бошқа давлатга яқин телеканаллар ҳам қатнашмоқда. Экспертлар бундай сумма реал ундириш нуқтаи назаридан амалга ошмайдиган қарор эканини таъкидламоқда.

Теглар

Мавзуга оид