
Россия Туркияга «Аққую» АЭСи учун 9 млрд доллар ажратди
Россия Туркиядаги илк атом электр станцияси қурилиши учун қўшимча 9 млрд доллар ажратди, лойиҳа молияси ва ишга тушириш муддатлари яна кун тартибига чиқди.

Россия Туркияда қурилаётган «Аққую» атом электр станцияси лойиҳаси учун қўшимча 9 млрд доллар молиявий ресурс ажратди. Бу ҳақда Туркия энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслан Байрақтарга таяниб, The Jerusalem Post нашри маълум қилмоқда. Вазирнинг сўзларига кўра, маблағлар асосан 2026–2027 йилларда ўзлаштирилади, 2026 йилнинг ўзида эса камида 4–5 млрд доллар миқдорида хорижий молия жалб этиш режалаштирилган.
Жанубий Туркия соҳилларида жойлашган «Аққую» АЭС қурилиши 2018 йилдан буён давом этмоқда. Лойиҳанинг умумий қуввати 4,8 GWни ташкил этади. Бош пудратчи сифатида «Росатом» давлат корпорациясининг муҳандислик тузилмаси — «Атомэнергопроект» иштирок этмоқда, тўғридан тўғри қурилиш ишларини эса «Akkuyu Nuclear» акциядорлик жамияти амалга оширяпти. Лойиҳанинг умумий қиймати 20 млрд доллардан ошиб кетган.
Аввалги келишувларга кўра, «Росатом» инвестиция юкини камайтириш мақсадида лойиҳада 49 фоиз улушга шерик жалб этиши мумкин. Бироқ халқаро агентликлар қайд этишича, ҳозирча бундай инвестор топилмаган. Бу ҳолат лойиҳанинг молиявий барқарорлигига доимий босим қилиб келмоқда.
2024 йилда қурилиш жараёни жиддий техник муаммоларга дуч келди. Германиянинг «Siemens» компанияси асосий электр ускуналарини етказиб бермагани сабабли «Росатом» Хитой бозоридан муқобил ечим излашга мажбур бўлди.
2025 йил бошида иккинчи даражали санкциялар хавфи Москва ва Анқарани ноанъанавий молия схемаларини муҳокама қилишга олиб келди. Жумладан, Россия гази учун тўловларни ўзаро ҳисоб-китоб қилиш варианти ҳам кўриб чиқилди. Шунга қарамай, лойиҳа ишга тушириш муддатлари бир неча бор сурилди: дастлаб 2023 йил, кейин 2025 йил деб белгиланган саналар энди 2026 йилга кўчирилган.





