Россия урушни якунлашни истамоқда
Россия расмийлари Украинадаги урушни 2026-йилда якунлаш истагини билдирди.

Россия Федерацияси Федерация кенгашининг халқаро ишлар қўмитаси раиси Григорий Карасин Москва Украинадаги урушни 2026-йил давомида якунлашни исташини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Россия ҳарбий амалиётни шу йилнинг ўзида тугатишдан манфаатдор. Бироқ бу фақат Россиянинг хоҳиши ёки ҳарбийларининг ҳаракатига боғлиқ эмас.
«Биз, табиийки, бу операцияни шу йилда якунлашни истардик, лекин масала фақат бизга, йигитларимизнинг ва бутун мамлакатнинг қатъиятига боғлиқ эмас», деди Карасин.
«Ҳаммаси вазиятга боғлиқ»
Григорий Карасиннинг таъкидлашича, можаронинг қачон тугаши халқаро вазият ва Украина Қуролли кучларининг Россия ҳудудига зарбалари билан ҳам боғлиқ.
«Истак бор, аммо уни ҳақиқатга айлантириш муҳим. Бир сўз билан айтганда, ҳаммаси барча омилларга боғлиқ», — деди у.
Медведев ҳам баёнот берган эди
Бир кун аввал Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ҳам урушнинг эҳтимолий якунланиши ҳақида фикр билдирган эди.
Унинг сўзларига кўра, Россияга «ғалаба керак, аммо ҳар қандай бадал эвазига эмас».
Медведев, шунингдек, мамлакат «махсус ҳарбий операция» деб атаётган можарони якунлашнинг муҳим босқичига яқинлашганини таъкидлаган.





