Россия ва Қозоғистон Хитойга янги газ қувурини муҳокама қилмоқда
Марказий Осиё орқали ўтадиган янги энергетика лойиҳаси кун тартибига чиқди. Қувур нафақат экспорт, балки Қозоғистоннинг ички таъминоти учун ҳам муҳим бўлиши мумкин.

Қозоғистон ва Россия Қозоғистон ҳудуди орқали Хитойга янги газ қувури қуриш имкониятини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазири Ерлан Аккенженов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, муҳокама қилинаётган лойиҳанинг қуввати йилига 35 миллиард куб метргача газ ташиш имконини беради.
Лойиҳа Россиянинг Хитойга газ экспорт қилиш бўйича йирик ташаббусларидан бири ҳисобланган «Сибир кучи – 2» қувурини давом эттириш вариантларидан бири сифатида кўриб чиқилмоқда.
«Биз "Сибир кучи – 2" лойиҳасини муҳокама қилишга киришдик, аммо унинг ишчи номи бошқача бўлиши ҳам мумкин — Қозоғистон орқали Хитойга тортиладиган, йиллик қуввати 35 миллиард куб метргача бўлган газ қувури», — деди Аккенженов.
Остона манфаатдор
Ерлан Аккенженовнинг айтишича, Қозоғистон ушбу қувурни ўз ҳудуди орқали ўтказишдан манфаатдор ва транзит учун зарур бўлган барча шарт-шароитларни яратишга тайёр.
Унинг сўзларига кўра, лойиҳа Қозоғистон учун стратегик аҳамиятга эга, чунки у мамлакатнинг шимолий ва шарқий ҳудудларини қўшимча равишда газ билан таъминлаш имконини беради.
«Қозоғистон учун ушбу қувур республиканинг шимолий ва шарқий ҳудудларини зангори ёқилғи билан таъминлаш имконини бериши билан ҳам муҳимдир», — дея таъкидлади Энергетика вазирлиги раҳбари.





