
Россия YouTube’ни тўлиқ блоклашга тайёрланмоқда
Россия Давлат думаси вакили YouTube платформаси мамлакатда ярим йил ёки бир йил ичида тўлиқ блокланишини очиқ айтди.

Россияда YouTube видеоҳостингини тўлиқ блоклаш масаласи расман кун тартибига чиқди. Давлат думасининг Ахборот сиёсати қўмитаси раиси ўринбосари Андрей Свинцовнинг айтишича, сервис Россия қонунчилигини бажармаётгани сабабли, яқин 6–12 ой ичида бутунлай ёпилиши мумкин. У контент яратувчиларни Rutube, «VK Видео» ва бошқа маҳаллий платформаларга зудлик билан ўтишга чақирди.
YouTube’нинг Россиядаги фаолияти билан боғлиқ чекловлар 2024 йил июл ойи охирида бошланган эди. Илк пайтда «Роскомнадзор» бу ҳолатни «Google»нинг Россияда серверларни янгиламагани билан изоҳлаган. Кейинчалик эса расмийлар секинлаштириш давлат ташаббуси эканини очиқ тан олди. Декабр ойига келиб эса йирик мобил операторлар орқали YouTube’да видеоларни томоша қилиш деярли имконсиз бўлиб қолди.
Роскомнадзор YouTube’ни Россия қонунчилигини бузишда ва мамлакатга «ҳурматсизлик» қилишда айбламоқда. Айниқса, платформа томонидан 200 дан ортиқ Россияга яқин каналларни блоклагани асосий даъволардан бири сифатида келтирилмоқда. Шу билан бирга, расмийлар Google билан муросага келиш эҳтимоли амалда йўқлигини билдирмоқда.
Шу пайтгача айрим минтақавий интернет-провайдерлар орқали YouTube’га кириш имконияти сақланиб қолган эди. Бироқ Роскомнадзор бу каналларни ҳам босқичма-босқич ёпиб келмоқда. Санкт-Петербургда фаолият юритган бир қатор провайдерлар сервисга кириш чекланишини ўзларига боғлиқ эмаслигини маълум қилди.
YouTube’га қарши чоралар Россияда VPN хизматларидан фойдаланишни кескин оширди. «Левада-Центр» сўровига кўра, 2025 йил март ойида VPN ишлатувчилар сони ўтган йилга нисбатан 36 фоизга кўпайган. Бу эса давлатнинг рақамли маконни назорат қилиш сиёсати жамиятда тескари таъсир ҳам уйғотаётганини кўрсатмоқда.





