add

Россияда авиакеросин бўйича янги инқироз яқинлашмоқда

Россияда бензин танқислиги ортидан энди авиаёнилғи бозорида ҳам муаммолар кутилмоқда. «Пролеум» компанияси авиакеросин нархининг кескин ошиши хавфи борлигини маълум қилди.

Россияда авиакеросин бўйича янги инқироз яқинлашмоқда

Россияда нефт маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги муаммолар ортидан энди авиаёнилғи таъминотида ҳам жиддий хавф юзага келиши мумкин. Бу ҳақда мамлакатдаги энг йирик хусусий нефт маҳсулотлари етказиб берувчи — «Пролеум» компаниясининг бошқарувчи шериги Максим Дяченко РБК агентлигига маълум қилди.

Унинг айтишича, ҳукумат нефт маҳсулотлари ишлаб чиқаришдаги инқирозни юмшатиш учун нефтни қайта ишлаш заводларига қатор енгилликлар берган. Жумладан, энди қишки дизел ёнилғисини ёзги дизел ва керосинни аралаштириб ишлаб чиқаришга рухсат берилган. Бу эса авиаёнилғи нархларининг тез суръатда ошиб кетишига олиб келиши мумкин, деди Дяченко.

Ҳукумат ҳам бу таҳдидни инобатга олган. РФ бош вазири ўринбосари Александр Новак раҳбарлигида ўтган йиғилишда авиакеросин нархининг ўсишини чеклаш масаласи муҳокама қилинган. Ҳозир бензин нархлари бўйича шундай чеклов амалда — харид нархи бозор котировкасидан 0,01 фоиздан кўп бўлиши мумкин эмас.

Айни пайтда авиакеросиннинг улгуржи нархи йил бошига нисбатан пастроқ — тоннаси 79 650 рубл, аввалроқ нарх 82 412 рубл эди. Бироқ сентябрдан буён нархлар қайта ўсишни бошлаган: икки ойда 11 фоизга, яъни 8 минг рублгача қимматлашган.

Бензин бўйича эса аҳвол янада оғир: Аи-92 нархи йил бошидан бери 42 фоизга, Аи-95 эса 49 фоизга ўсган. Аммо 1 ноябрга келиб котировкалар 10 фоиздан кўпроқ пасайди — Аи-92 учун тоннаси 65,2 минг рубл, Аи-95 учун эса 72,96 минг рубл бўлди.

«Нархлар ўсишининг асосий сабаби — товар танқислиги», дейди Дьяченко. Унинг маълумотига кўра, дрон ҳужумлари натижасида мамлакат бўйлаб камида 30 та нефт заводи жабр кўрган, қайта ишлаш ҳажмлари 10 фоизга — кунига 4,86 млн баррелгача қисқарган. OilX таҳлилчилари ҳисобича, бу кўрсаткич сўнгги олти йилдаги энг паст даражага тушган.

Теглар

Мавзуга оид

Россияда авиакеросин бўйича янги инқироз яқинлашмоқда | Vaqt.uz