Россияда кредит карталари ставкалари 50 фоиздан ошди

17.02.2026 | 10:152 дақиқа

Россия банклари кредит карталари бўйича ўртача тўлиқ ставка 50 фоиздан ошганини қайд этди. Бу рекорд даража фонида янги карталар бериш ҳажми кескин қисқарди.

Россияда кредит карталари ставкалари 50 фоиздан ошди

2026 йил январ ҳолатига кўра, Россия банклари жисмоний шахслар учун кредит карталари бўйича ўртача тўлиқ кредит қийматини 50,38 фоизгача оширди. Бу Бирлашган кредит бюроси (ОКБ) маълумотларида акс этган.

50 фоизлик чегара иккинчи ой кетма-кет сақланмоқда ва бу камида 2021 йилдан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. 2025 йил январга нисбатан ўртача ставка қарийб 8 фоиз пунктга ошган. Шу билан бирга, Марказий банкнинг асосий ставкаси шу даврда 21 фоиздан 15,5 фоизга тушган.

Бирлашган кредит бюроси бош директори Михаил Алексиннинг айтишича, 2025 йилнинг биринчи ярмида ставкалар 44 фоиз атрофида бўлган бўлса, иккинчи ярмидан 48 фоиз ва ундан юқори даражага чиққан. Шунга қарамай, бир йил ичида 14,59 миллионта кредит карта расмийлаштирилган, уларнинг умумий лимити 1,7 трлн рублни ташкил этган. Мамлакатда кредит карта фойдаланувчилари сони 28 миллион кишига етган.

 

Карта чиқариш сони кескин пасайди

2026 йил январда янги кредит карталари бериш ҳажми 969,4 минг шартномагача қисқарди. Бу сўнгги тўрт йил ичидаги энг паст кўрсаткичдир.

Кредит карталари бўйича умумий лимит 100,08 млрд рублни ташкил этди. Бу декабр ойига нисбатан 32 фоизга, 2025 йил январга нисбатан эса 24 фоизга кам.

Банклар портфелни оширишга шошилмаяпти. Алексин таъкидлашича, 2025 йил давомида муддати ўтган қарзлар ҳажми ўсган ва «кредит хавфининг табиий амалга ошиши» кузатилган.

 

Қарз юки ортиб бормоқда

Россия Марказий банки маълумотига кўра, 1 январ ҳолатига муаммоли истеъмол кредитлари 1,7 трлн рублга, ипотека кредитлари эса 400 млрд рублга етган.

Йил бошида россияликларнинг банк тизими олдидаги жами қарзи 38,67 трлн рублни ташкил этган. Шундан 21,67 трлн рубл ипотека қарзларига тўғри келади. Бир йил ичида аҳоли қарздорлиги 1,1 трлн рублга ошган.

Теглар

Мавзуга оид