add

Россияда маоши энг тез ўсган касб: улар устозлардан ҳам кўпроқ олишяпти

Бугун 08:384801

Россияда ойлик иш ҳақи энг кўп ўсган касб эгалари кутилмаганда кўча тозаловчилар бўлишди. Улар ўқитувчилардан кўпроқ маош оляпти.

Россияда маоши энг тез ўсган касб: улар устозлардан ҳам кўпроқ олишяпти

Россияда ойлик маоши энг тез ўсган касб сифатида кўча тозаловчилар пешқадамлик қилмоқда. «Авито Работа» тадқиқотига кўра, 2025 йил сентябр–октябр ойларида уларнинг ўртача иш ҳақи 71,8 минг рублга етди — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 56 фоизга кўп. Қизиғи шундаки, бу кўрсаткич бўйича улар мактаб ўқитувчилариникидан ўзган: Россияда ўқитувчиларнинг ўртача маоши 71,4 минг рублни ташкил қилган.

Маошдаги бундай кескин ўсиш шаҳарларни қиш мавсумига тайёрлаш ва кўча-майдонларни тозалашга бўлган эҳтиёж ошгани билан изоҳланмоқда. Бундан ташқари, тўлиқ ва қисман ишлаш имконияти мавжуд бўлгани сабабли, ойлик даромад иш ҳажмига боғлиқ бўлади.

Маоши тез ўсган касблар орасида иккинчи ўринни том ёпувчилар эгаллади — уларнинг ўртача иш ҳақи 119,9 минг рублга етган, ўсиш 50 фоиз. Учинчи ўринда эса электрогазпайвандчилар — уларнинг даромади 30 фоиздан зиёдга кўтарилган. Бу асосан иситиш тизимлари таъмири ва монтажи бўйича мавсумий ишларнинг кўпайиши билан боғлиқ.

УЖКХ (уй-жой коммунал хўжалиги) соҳасида эълон қилинган бўш иш ўринлари сони 1 йилда 19 фоизга ошган. Кўча тозаловчиларга талаб 2,3 баробар ошган. Шунингдек, электрогазпайвандчилар (+35 фоиз) ва оддий пайвандчилар (+30 фоиз)га ҳам талаб юқори.

Талаб энг кўп ўсган ҳудудлар сифатида Москва области (+74 фоиз), Волгоград области (+65 фоиз) ва Ростов области (+61 фоиз) қайд этилди. Корхоналар қишки мавсумда тўлиқ инфратузилма ишлашини таъминлаш учун тозаловчилар, сантехниклар ва электрикларга талабни оширган.

Теглар

Мавзуга оид

Россияда маоши энг тез ўсган касб: улар устозлардан ҳам кўпроқ олишяпти | Vaqt.uz