Россияда нефт компаниялари банкротликка юз тутмоқда
Нефт нархи баррелига 40 доллардан пастга тушиши ва санкциялар кучайиши Россияда кичик ишлаб чиқарувчиларни қийин аҳволга солди. Айрим компаниялар банкротлик жараёнига киришмоқда.

АҚШ санкциялари таъсирида Россия нефти нархи баррелига 40 доллар атрофига тушгани ортидан қатор кичик нефт компаниялари молиявий инқирозга дуч келди. «Коммерсант» нашри хабарига кўра, «ВТБ» давлат банки собиқ «СИБУР» акциядори Яков Голдовскийга тегишли «First Oil» гуруҳини банкрот деб эълон қилиш ниятида.
Ханти-Мансийск автоном округи ҳудудида фаолият юритадиган мазкур компания қарийб 6 млрд рубл қарз тўплаган ва уни қоплаш имкониятига эга эмас. Компания балансида умумий захираси 14 млн тонна бўлган бир нечта кичик конлар мавжуд, йиллик қазиб олиш ҳажми эса 500 минг тоннани ташкил қилади. Манбаларга кўра, бизнес ҳолати пандемия даврида ёмонлашган, янги санкциялар ва 30 долларгача чегирмалар билан сотиш мажбурияти эса компанияни янада қийин вазиятга солган.
Санкция ва қарз босими
2025 йил охирида Ямал-Ненецск автоном округида ишлайдиган «Янгпур» компанияси ҳам банкротлик жараёнига кирди. У «Беларуснефт» манфаатларини ифодалайди. Бундан аввал Астрахан нефт компанияси ва «Горний» компанияси ҳам солиқ даъволари асосида банкрот бўлган.
«Freedom Finance» таҳлилчиси Владимир Черновга кўра, экспорт тушумларининг қисқариши ва юқори таннархли лойиҳалар нефть секторини заифлаштирмоқда. Росстат маълумотларига кўра, нефт ва газ қазиб олувчи компанияларнинг ярми зарар билан ишламоқда. Январ–ноябр ойларида соҳа 575 млрд рубл минусда қолган. Фойдада қолган компаниялар даромади эса икки баробарга қисқарган.
Инқироз хавфи
Марказий банк маълумотларига кўра, банклар нефт-газ тармоғи учун 2,7 трлн рубл кредитни қайта тузишга мажбур бўлган. Бу иқтисодиёт тармоқлари орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.
Ҳарвард университети қошидаги тадқиқот маркази эксперти Крейг Кеннеди фикрича, 40 доллар атрофидаги нарх шароитида Россиядаги конларнинг ярми зарар билан ишламоқда. Фойдада қолиш учун солиқ имтиёзлари талаб этилади. Унинг баҳолашича, зарар кўраётган лойиҳалар ҳар бир баррелдан тахминан 5 йўқотмоқда.
Аввалроқ Россиянинг энг катта харидори бўлган Ҳиндистон нефт олишни кескин камайтирган, 150 миллион баррел нефт денгизда қолиб кетгани ҳақида хабар берган эдик.





