
Россияда озиқ-овқат ишлаб чиқариш сўнгги 15 йилда илк бор пасайди
Россияда озиқ-овқат ишлаб чиқариш 2009 йилдан бери илк бор пасайди, асосий сабаб эса аҳолининг тежамкор харидлари ва ишлаб чиқарувчилардаги инвестсия инқирози билан боғлиқ.

Россия озиқ-овқат саноатида 15 йил давомида биринчи марта ишлаб чиқариш пасайиши қайд этилди. Forbes Russiaʼнинг Росстат маълумотларига асосланиб хабар қилишича, жорий йилнинг январ—сентябр ойларида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан 0,6 фоизга камайди, ичимликлар ишлаб чиқариш эса 4,1 фоизга тушган. Ҳолат мамлакатда аҳоли томонидан истеъмол қисқариши ва бозордаги беқарор иқтисодий муҳит билан изоҳланмоқда.
Инвестициялар бўйича вазият янада кескин. «ТендерПро» таҳлилчилари хабарига кўра, 2025 йилнинг 11 ойида озиқ-овқат саноатида ишга туширилган янги лойиҳалар сони ўтган йилга нисбатан 46 фоизга камайган. Инвестициялар умумий ҳажми 104,7 млрд рублни ташкил этди — бу ўтган йилги 194,6 млрд рублга нисбатан деярли икки баробар кам. INFOLine маълумотларига кўра, инвестицион фаоллик 2013 йил даражасига қайтган.
Саноат субъектларининг қарз юки ҳам кескин ўсган. 2025 йил 1 октябр ҳолатига корхоналарнинг умумий кредит қарзи 1,87 трлн рублга етди, бу бир йил давомида 9 фоиз ўсиш демакдир. Муддатни ўтказиб юбориш улуши 2,7 фоизга кўтарилган. Корхоналарнинг тўлов юки ҳам кучайди: 9 ойда банкларга қилинган тўловлар 196 млрд рублни ташкил этди — ўтган йилга нисбатан 64 млрд рублга кўп.
Экспертларнинг фикрича, ишлаб чиқариш тикланишига бир қанча омиллар тўсқинлик қилмоқда: ишчи кучи етишмаслиги, инфляциянинг тезлиги, юқори кредит ставкалари ва аҳолининг тежамкор хулқ моделига ўтиши. Истеъмолчилар кўпроқ арзонроқ маҳсулотларга ўтаётгани, деликатес ва қиммат маҳсулотлардан воз кечаётгани айтилади. Чегирмали ва акцияли савдоларга талаб сезиларли ошган.
Иқтисодчиларнинг таъкидлашича, Россияда озиқ-овқат харажатлари аҳоли даромадининг катта қисмини эгаллайди. 2024 йил маълумотларига кўра, ҳар ўнинчи муниципал туманда аҳоли харажатларининг камида ярми овқатланишга сарфланган.





