
Россияда қийин аҳволда қолган ўзбекистонликлар бепул турар жой билан таъминланади — Миграция агентлиги
Миграция агентлигининг Россиядаги Ваколатхонаси қийин аҳволда қолган фуқароларга 30 кунгача бепул турар жой ва ижтимоий ёрдам тақдим этиш механизмларини жорий этди.

Россия Федерациясида ишлаётган пайтда молиявий қийналиш, турар жойсиз қолиш, тазйиқ, мажбурий меҳнат ёки зўравонликка дуч келган ўзбекистонлик фуқаролар энди давлат ёрдамига мурожаат қилиши мумкин. Миграция агентлигининг Россиядаги Ваколатхонаси Москва ва Москва шаҳридаги ўн бешга яқин хостел ва суткалик меҳмонхоналар билан тегишли шартномаларни имзолади.
Расмий маълумотга кўра, мураккаб молиявий аҳволга тушиб, турар жойсиз қолган фуқаролар Ваколатхонага шахсан мурожаат қилса, вазият ўрганилгандан сўнг уларга ўттиз кунгача бепул турар жойда яшаш имконияти берилади.
Ваколатхона Москва шаҳрида, 1-Казачий тор кўчаси 11/2 уй манзилида жойлашган бўлиб, метро Полянка бекатига яқин ҳудудда фаолият юритади.
Миграция агентлиги маълумотига кўра, ҳозирда мамлакатнинг Шимоли-ғарбий ҳудудлари — Урал, Сибир, Узоқ Шарқ ва Жанубий округларда ҳам хостел ва меҳмонхоналар билан шартномаларни кенгайтириш ишлари давом этмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 252-сонли қарорига асосан, хорижда ишлаётган фуқаролар учун ёрдам механизмлари умумлаштирилган ва қўшимча хизмат турлари жорий этилган. Агентликнинг сайтида кўрсатиладиган ёрдам пакетлари ҳақида маълумот берилган.





