add

Россияда «Сармат» ядровий ракетаси синови яна барбод бўлди

Оренбург областидаги «Ясний» базасида содир бўлган портлаш Россиянинг энг янги «Сармат» ядровий ракетасининг навбатдаги синови ҳам муваффақиятсиз тугаганини ҳарбий экспертлар тасдиқламоқда.

Россияда «Сармат» ядровий ракетаси синови яна барбод бўлди

Оренбург области Ясний шаҳрида жума куни содир бўлган кучли портлаш Россиянинг «Сармат» қитъалараро ядровий баллистик ракетаси навбатдаги синовдан ўта олмаганини кўрсатмоқда. The Moscow Times нашрининг ёзишича, кузатувчилар томонидан олинган видеода ракета шахтадан чиқиб, қисқа вақт ҳавога кўтарилиб, йўналишдан оғгани, ёниб кетгани ва парчалари билан бирга ерга қулаши аниқ акс этган. Портлашдан кейин осмонда улкан оловли-бинафшаранг булут пайдо бўлган.

БМТнинг вуролсизлантириш бўйича тадқиқотлари бўлими катта илмий ходими Павел Подвиг билдиришича, видеодаги барча белги «Сармат»га мос келади. Россия бу ракетани 2013 йилдан бери ишлаб чиқмоқда, у совет даврида қолган эски Р-36М2 «Воевода» ўрнини босиши керак эди. Владимир Путин уни 2020 йилда хизматга киритилишини ваъда қилган, аммо бугунгача бирор марта тўлиқ муваффақиятли парвоз амалга ошмаган.

Франциянинг FRS маркази таҳлилчиси Этьен Маркус ҳам бу синов яна барбод бўлганини тасдиқлайди. Унинг айтишича, ракета шахтадан атиги 1 км узоқликда ерга қулаган ва 70 метрлик кратер қолдирган — буни Sentinel-2 йўлдош суратлари ҳам кўрсатмоқда.

Мутахассис Дмитрий Корнев маълум қилишича, бу синовда ракета ракета Камчаткадаги «Кура» полигони йўналишида учирилган, Россия NOTAM орқали ҳаво ҳаракатига огоҳлантириш берган. У эҳтимолий ҳолда «Воевода» ҳам бўлиши мумкинлигини айтди, аммо Подвиг бу версияни истисно этди: бу ракета 2013 йилдан бери синовдан ўтмаган ва стратегик мақсадли ракета қўшинлари таркибида ҳам жуда кам қолган.

«Ясний» ҳарбий базасида «Авангард» ҳипертовушли комплекслари ҳам жойлашган, аммо улар «иссиқ учириш» технологиясидан фойдаланади. Видеода эса «совуқ учириш» орқали учирилгани аниқ кўринади. Шу сабаб мутахассислар фикрича, бу — «Сармат» дастурининг яна бир жиддий ортга чекиниши.

Экспертларнинг таъкидлашича, бу барродлик Россиянинг ўрта муддатли стратегик тийиб туриш имкониятларига салбий таъсир кўрсатади. Чунки «Воевода»ларнинг хизмат муддати тугамоқда ва уларни техник қўллаб-қувватлаш Украина томонидан 2014 йилгача амалга оширилган. «Сармат»нинг кечикиши эса ядровий триаданинг замонавийлаштирилишини яна номаълум муддатга сурмоқда.

SIPRI маълумотларига кўра, Россияда 333 та ер асосидаги стратегик ракета мавжуд: «Ярс» (206 дона), «Топол», «Авангард» ва тахминан 30 га яқин «Воевода». Шунингдек, Россия 192 та сув ости баллистик ракетасига эга.

Теглар

Мавзуга оид