
Россиянинг одамсимон роботи тақдимот пайтида йиқилиб парчаланди
Аидол модели бир неча қадам босишга улгурди, кейин чайқаланиб кетди-да, полга қулаб тушди.

Москвада Россиянинг сунъий интеллектга (СИ) эга биринчи одамсимон роботининг тақдимоти муваффақиятсизликка учради. «Янги технологик коалиция» томонидан ишлаб чиқилган Аидол номли модел Америка «Рокки» филмининг мусиқаси остида бир неча қадам ташлашга ва қўл силкитишга улгурди, сўнгра чайқалиб, полга қулаб тушди. Бу ҳақда маҳаллий оммавий ахборот воситалари хабар бермоқда.
Йиқилишдан кейин қисман парчаланган роботни икки ҳамроҳ шошилинч равишда саҳна ортига олиб чиқиб, саҳнани қора мато билан ёпдилар. Тадбир тўхтатилди.
Компания бош директори Владимир Витухин айтишича, илгари робот турли шароитларда синовдан ўтказилган ва у тошлар, гилам, ламинат, керамзит ҳамда сирпанчиқ полларда юрган. Унинг фикрича, саҳнада йиқилиш кучланишнинг бузилиши ёки бошқа омиллар туфайли содир бўлган бўлиши мумкин.
«Бу ерда шуни ҳисобга олиш керакки, ҳақиқатан ҳам бошқача вазият, жумладан, ёруғлик ҳам бошқача эди... Аммо, шубҳасиз, ҳаммада унга ачиниш ҳисси уйғонди, бу эса унинг вазифаларидан бири — ҳамдардлик уйғотишдир», - деди Витухин ва жамоа хатоларни таҳлил қилишини қўшимча қилди.
Робот хизмат кўрсатиш соҳаси, саноат ва жамоат жойларида ишлаш учун мўлжалланган.
Унинг яратувчилари таъкидлашича, робот 77 фоиз Россия бутловчи қисмларидан ташкил топган ва олти соат давомида, шу жумладан интернетга уланмасдан ҳам ишлаши мумкин. Силикон тери билан қопланган Аидолнинг юзида 12 та асосий ҳиссиётни ифодалаш имконини берувчи 19 та сервоюритма жойлаштирилган.
Компания маълумотларига кўра, робот ҳаракатланиш, буюмларни бошқариш ва мулоқот қилиш қобилиятига эга, бунда у нафақат буйруқларни бажаради, балки инсон билан табиий ва оқилона тарзда ўзаро алоқа қилади.
«Серияли ишлаб чиқаришга ўтганда, жараённи тўлиқ йўлга қўйиш, таннархни пасайтириш ва маҳаллийлаштириш даражасини 93 фоизга етказиш бўйича аниқ тасаввурга эгамиз», - дея таъкидладилар ишлаб чиқувчилар.





