Россиянинг ядровий зарбаси: Буданов Украинага бўладиган эҳтимолий ҳужум ҳақида гапирди
Россиянинг «қизил чизиқлари» қаерда? Украина президенти офиси раҳбари Кремл билан кўп йиллик тажрибаси асосида урушни якунлаш йўлларини ва ядровий таҳдидларнинг сиёсий табиатини тушунтириб берди.

Россия Украинага «исталган вақтда» ядро зарбаси бериш учун техник имкониятга эга, бироқ ҳозирча Киев Кремлнинг бундай сценарийга тайёргарлик кўраётгани ҳақида бирор-бир белгиларни кўрмаяпти. Бу ҳақда Украина президенти офиси раҳбари, бош разведка бошқармаси собиқ бошлиғи Кирилл Буданов «The Times» нашрига берган интервюсида маълум қилди.
«Россия исталган вақтда ва исталган масофага ядро зарбаси беришга тўлиқ қодир. Унинг ядровий салоҳияти бундай вазифани бажариш имконини беради. Бироқ бу, аввало, сиёсий ирода масаласидир», – деди Буданов.
Киев ядровий тайёргарлик белгиларини кўрмаяпти
Шу билан бирга, у Украина разведкаси ҳозирча Россиянинг ядро қуролини қўллаш бўйича бирор-бир амалий тайёргарлик ҳаракатларини қайд этмаётганини таъкидлади.
«Мен ядро зарбасига тайёргарликнинг ҳеч қандай белгисини кўрмадим. Агар шундай ҳаракатлар мавжуд бўлганида, мен буни билардим», – деди президент офиси раҳбари.
Шунингдек, Буданов тинчлик жараёнининг самарадорлигига ва урушни музокаралар йўли билан якунлаш мумкинлигига ишонишини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Россия тузилмалари билан бўлган кўп йиллик фаолият тажрибаси унга Кремлнинг «қизил чизиқлари»ни ва музокара олиб бориш усулларини тушуниш имконини беради.
«Биз улар билан кўп йиллар давомида ишлаб келганмиз, шунинг учун ишонинг, мен улар билан қандай гаплашишни биламан», – деди у.
Украина дрон технологияларига таянмоқда
Будановнинг таъкидлашича, Украина шунчаки Ғарб кўмагига таяниб қолмай, ҳарбий технологиялар ва жанговар тажриба, хусусан, дронлар ишлаб чиқариш борасида ўз ишланмаларини экспорт қилувчи давлатга айланиб бормоқда.
У келажакдаги урушлар тобора кўпроқ мустақил ҳаракатланувчи «ақлли» дронлар ёрдамида олиб борилишига ишонишини айтиб, Украинада аллақачон бундай қурилмаларнинг прототиплари мавжудлигини маълум қилди.





