
Садир Жапаров Мирзиёевни UNESCO форуми билан табриклади
Қирғизистон президенти Ўзбекистон президенти ва халқини UNESCO Бош конференциясининг 43-сессияси Самарқандда ўтказилгани билан табриклаб, бу тадбирни мамлакатнинг халқаро нуфузи ҳамда Марказий Осиёнинг жаҳон маданий майдонидаги ўрни ортиб бораётганининг ёрқин далили сифатида баҳолади.

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўзининг Facebook саҳифасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Самарқандда UNESCO Бош конференциясининг 43-сессияси иш бошлагани билан табриклади.
Садир Жапаров йуллаган табригида Самарқандда бўлиб ўтаётган UNESCO Бош конференциясининг 43-сессиясини «тарихий воқеа» деб атади. Унинг таъкидлашича, мазкур форум нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун ҳам катта аҳамиятга эга.
«UNESCO конференцияси илк бор 40 йилдан ортиқ вақт ичида Париждаги бош қароргоҳидан ташқарида ўтказилмоқда. Бу Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътибори ва Марказий Осиёнинг жаҳон майдонидаги ўрни ортиб бораётганини англатади», — дейилади мактубда.
Жапаров таъкидлаганидек, Самарқанд шаҳрининг илм-фан, маърифат ва маънавият бешиги сифатида тан олиниши мазкур тадбирга алоҳида рамзий маъно бағишлайди. У буни Ўзбекистоннинг цивилизациялар ўртасидаги кўприк ва тинчлик ҳамда бунёдкорлик ғояларини илгари суришдаги ролининг тасдиғи сифатида баҳолади.
Қирғизистон раҳбари, шунингдек, конференция доирасида илгари сурилаётган ташаббуслар ва қарорлар таълим, фан ва маданият соҳаларида янги имкониятлар яратишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, бу каби форумлар халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашга ва минтақанинг янада гуллаб-яшнашига хизмат қилади.
Садир Жапаров сўзининг якунида Ўзбекистон халқини ва Шавкат Мирзиёевни форумнинг муваффақиятли ўтказилиши билан табриклаб, самарали муҳокамалар, конструктив қарорлар ва илҳомлантирувчи натижалар тилади.





