add

Sagrada Familia дунёдаги энг баланд черковга айланди

31.10.2025 | 17:403322

Меъмор Антони Гауди томонидан лойиҳалаштирилган Барселонадаги машҳур Sagrada Familia базиликаси дунёдаги энг баланд черков унвонини қўлга киритди. Бу марказий минора устига хочнинг биринчи қисми ўрнатилгандан кейин маълум бўлди.

Sagrada Familia дунёдаги энг баланд черковга айланди

1882 йилдан бери Барселонанинг марказида қурилаётган машҳур Sagrada Familia базиликасининг баландлиги 162,91 метрга етиб, 1890 йилдан бери дунёдаги энг баланд черков мақомини сақлаб келаётган Германиядаги Улм Минстер ибодатхонасини ортда қолдирди.

Буюк меъмор Антони Гауди томонидан лойиҳалаштирилган диний иншоот Барселона марказида бир асрдан ортиқ вақт давомида бунёд этилмоқда. Асосий бино қурилиши келаси йилда якунланиши режалаштирилган. Марказий «Исо Масиҳ минораси»га келгуси ойлар ичида хочнинг қолган қисмлари ҳам ўрнатилади ва минора умумий баландлиги 172 метрга етади.

Тарихий ҳужжатларга кўра, Sagrada Familia'нинг илк тоши 1882 йилда қўйилган. Кейинги йили лойиҳа меъмор Гаудига топширилган. Гауди лойиҳани тубдан ўзгартириб, анча каттароқ концепция яратади. Қурилиш дастлаб тавба қилган зиёратчилар эҳсонлари ҳисобидан молиялаштирилган.

sagrada

Меъмор кутилмаганда 1926 йилда вафот этганида, режалаштирилган 18 миноранинг фақат биттаси барпо этилган эди. Кейинги йилларда қурилиш «Sagrada Familia» жамғармаси томонидан давом эттирилган ва турли хайрия маблағлари, сайёҳлар ҳамда шахсий донорлар томонидан молиялаштирилиб келган.

150 йиллик тарих давомида қурилиш бир неча бор тўхтаб қолган. Испания фуқаролар уруши даврида анархистлар бинони ёқиб юборган ва Гауди қолдирган лойиҳалар ҳамда гипс моделлари ёниб кетган. Яқин йилларда эса Covid-19 пандемияси ортидан туризм пасайгани боис маблағ камайган ва қурилиш вақтинча тўхтаган эди.

Жамғарма бош директори Хавер Мартинес Associated Press'га берган интервьюсида «Исо Масиҳ минораси 2026 йилда — Гауди вафотининг 100 йиллигига қадар» тўлиқ битишини маълум қилган. Гауди базилика биносида дафн этилган бўлиб, унинг хотирасига бағишлаб туркум тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Бинонинг асосий кириш қисмига олиб борувчи зинапоялар, ҳайкаллар ва безак ишлари эса кейинги ўн йил давомида давом эттирилади.

Теглар

Мавзуга оид

Sagrada Familia дунёдаги энг баланд черковга айланди | Vaqt.uz