
Саида Мирзиёева «ACWA Power» компанияси раиси билан учрашди
Учрашувда энергетика, соғлиқни сақлаш ва рақамли технологиялар соҳаларидаги қўшма лойиҳалар, айниқса Қорақалпоғистондаги ривожланиш имкониятлари атрофлича кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева «ACWA Power» компанияси раиси ва «Vision Invest» директорлар кенгаши аъзоси Муҳаммад Абунаян билан учрашув ўтказиб, икки томонлама ҳамкорликка оид қатор стратегик масалаларни муҳокама қилди. Учрашувда мамлакат иқтисодиётини модернизация қилишга хизмат қиладиган йирик инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масаласи асосий эътиборда бўлди.
Саида Мирзиёеванинг таъкидлашича, энергетика тармоғидаги қўшма ташаббуслар мамлакатда барқарор энергия таъминотини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, замонавий соғлиқни сақлаш инфратузилмасини яратиш ва рақамли технологияларни иқтисодиётнинг турли соҳаларига жорий этиш масалалари ҳам долзарб йўналишлар сифатида қайд этилди.
Учрашув давомида Қорақалпоғистоннинг сўнгги йилларда намоён қилаётган ривожланиш суръатлари алоҳида тилга олинди. Мазкур ҳудудда амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳалар икки томонлама ҳамкорликнинг янги босқичига айланиши мумкинлиги таъкидланди.
Бу лойиҳалар ҳудуд иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли турмуш сифатини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Мирзиёева ўзининг телеграм-каналида учрашув натижалари ҳақида маълумот бериб, мулоқотда икки давлат компаниялари ўртасидаги узоқ муддатли ва самарали ҳамкорликни янада кучайтириш муҳим эканини қайд этди.
Муҳаммад Абунаян эса Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва яратилган инвесторлар учун қулай шароитларни юқори баҳолаган ҳолда қўшма лойиҳаларни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
Учрашув мамлакатнинг стратегик соҳа ва ҳудудларида амалга ошириладиган қўшма ташаббуслар учун янги имкониятлар очиши билан аҳамиятли бўлди.





