Саида Мирзиёева Брюсселда Урсула фон дер Ляйен билан учрашди
10.10.2025 | 17:303 дақиқа
Учрашув Global Gateway форуми доирасида ўтди — томонлар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 9 октябрь куни Брюсселда Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен билан учрашди. Бу ҳақда Мирзиёева ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида маълум қилди.
«Фон дер Ляйен хоним билан мулоқотдан мамнун бўлдим. Ўзбекистон–Европа ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб боришига ишончим комил», — деб ёзади Саида Мирзиёева.
Учрашув Европа Иттифоқининг Global Gateway форуми доирасида бўлиб ўтди. Брюссел шаҳрида 9–10 октябр кунлари ўтказилаётган форум жаҳон миқёсидаги боғланиш, транспорт ва инфратузилмани ривожлантириш, шунингдек геосиёсий ҳамда геоиқтисодий муаммоларни бартараф этишга қаратилган ташаббуслар муҳокамасига бағишланган.
Global Gateway ташаббуси Европа Иттифоқининг ташқи инвестиция дастури бўлиб, у 2023 йилдаги илк форум муваффақияти асосида бу йил яна кенг кўламда ташкил этилди. Форумда ЕИнинг турли давлатлар билан шериклик муносабатларини чуқурлаштириш ва барқарор инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Саида Мирзиёева ва Урсула фон дер Ляйен жорий йилнинг апрел ойида Самарқандда ўтказилган «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» саммити доирасида ҳам учрашган эди. Ўшанда Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг тўнғич қизини Урсула фон дер Ляйен ва Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта билан таништирган эди.





