
Самарқанд ноябр ойида яна бир халқаро анжуманга мезбонлик қилади
БМТнинг Женевадаги бўлимида Ўзбекистон мезбонлик қиладиган CITES COP20 конференциясига тайёргарлик юзасидан брифинг ўтказилди. Самарқанддаги форум 2025 йилнинг энг йирик экологик тадбирларидан бири бўлиши кутилмоқда.

Женевада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бўлимида ноябр ойида Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган ёввойи фауна ва флора турлари билан халқаро савдо тўғрисидаги конвенциянинг 20-конференциясига (CITES COP20) тайёргарликка бағишланган брифинг бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Экология вазирлиги.
Тадбирда халқаро ташкилотлар, дипломатик миссиялар ва табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги экспертларни ўз ичига олган 300 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. Ўзбекистон номидан БМТнинг Женевадаги бўлими ҳузуридаги доимий вакил Элдиёр Тошматов иштирок этди.
CITES бош котиби Ивонн Игуеро таъкидлашича, Самарқанддаги форумда 185 та давлатдан 3 мингга яқин делегат қатнашади. Унга кўра, бу тадбир Конвенция тарихидаги энг йирик йиғинлардан бири бўлиб, 2025 йилнинг энг муҳим экологик воқеаларидан бири сифатида қайд этилади. Шунингдек, CITES Доимий қўмитасининг 79- ва 80-мажлислари ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

«Самарқанд ёввойи табиатни асраш билан шуғулланувчи барча учун эътибор марказига айланади. У ерда халқаро савдони янада масъулиятли ва барқарор қилиш йўлларини муҳокама қиламиз», — деди Игуеро. У, шунингдек, Ўзбекистоннинг «яшил» ривожланиш сиёсати мамлакат стратегик тараққиётининг ажралмас қисмига айланганини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон томони конференцияга тайёргарлик жараёнида амалга оширилаётган ишларни намойиш этди. Ҳозирга қадар 110 дан ортиқ параллел тадбир — семинар, кўргазма ва тематик сессиялар режалаштирилган. Кун тартибига 114 та масала, 149 та ишчи ҳужжат ва Конвенция Иловаларини янгилаш бўйича 51 та таклиф киритилган.

Брифинг давомида Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда олиб борилаётган экологик ислоҳотлар ҳам эслаб ўтилди. Хусусан, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, экотизимларни тиклаш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга доир инновацион ечимлар амалда қўлланилаётгани қайд этилди.
Тадбир якунида CITES котибияти вакиллари иштирокчиларга конференсиянинг тузилмаси ва асосий мавзуларини тақдим этди. Улар Конвенсияни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш, ноёб турларни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини ўз ичига олади.





