Самарқандда Машинасозлик саноат зонаси ташкил этилади

Бугун 12:402 дақиқа

Ушбу зонада йилига 10 минг дона тижорат транспорт воситалари: юк автомобиллари, автобуслар, микроавтобуслар, пикаплар ва махсус транспортлар ишлаб чиқариш қуввати яратилади.

Самарқандда Машинасозлик саноат зонаси ташкил этилади © reis.zr.ru

Ўзбекистон Президентининг 20 апрелдаги қарорига мувофиқ, Самарқанд вилояти Кaттaқўрғон туманида 100 гектар майдонда машинасозлик саноат зонаси ташкил этилади. Мазкур ташаббус вилоятда саноатни диверсификация қилиш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга қаратилган.

2030 йилгача ривожлантириш босқичи

Қарорга кўра, Самарқандда машинасозлик кластерини ривожлантириш орқали 2030 йилгача тармоқнинг саноатдаги улушини 15 фоизга, қўшилган қиймат улушини эса 40 фоизга етказиш мақсад қилинган. Бу эса вилоят иқтисодиётида саноат ролини сезиларли даражада оширишга хизмат қилади.

Янги зонада йилига 10 минг дона тижорат транспорт воситалари ишлаб чиқариш қуввати яратилади. Улар қаторига юк автомобиллари, автобуслар, микроавтобуслар, пикаплар ва махсус транспортлар, жумладан электр транспорт воситалари киради. Шу билан бирга, эҳтиёт қисмлар ва бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, маҳаллий контент ҳажмини йиллик 100 миллион долларгача етказиш режалаштирилган.

Лойиҳанинг асосий мақсади

Лойиҳа доирасида Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари бозорларини ўзлаштириш орқали экспортни кенгайтириш, шунингдек, 2 мингдан ортиқ юқори даромадли иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Саноат зонаси иштирокчилари сифатида фақат транспорт воситалари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи корхоналар рўйхатдан ўтказилади.

Зонани бошқариш «Самарқанд вилояти саноат зоналарини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси томонидан амалга оширилади. Дастлабки босқичда хорижий ҳамкорлар томонидан умумий қиймати 116 миллион доллар бўлган 5 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича таклифлар келиб тушган.

Лойиҳанинг босқичма-босқич амалга оширилиши режалаштирилган: 2028 йилдан мототранспорт ва болалар аравачалари, 2029 йилдан тижорат транспорт воситалари ишлаб чиқариш, 2031 йилдан эса ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш кўзда тутилган.

Аввалроқ Бухоро вилоятида «Leapmotor» автомобилларини ишлаб чиқариш лойиҳаси ҳам йўлга қўйилиши хабар қилинган бўлиб, бу мамлакатда автомобилсозлик саноатини ривожлантириш бўйича комплекс ёндашув шаклланаётганини кўрсатади.

Теглар

Мавзуга оид